Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:52

Тошкентда аксилтеррор тузилма йиғилиши ўтказилди


24 сентябрь куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг бешинчи мажлиси бўлди. Унда тузилмага аъзо барча давлатларнинг вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия ва Тожикистон вакиллари мажлисда терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши кураш масалаларига бағишланган бир неча ҳужжатни имзолади.

Тузилма ижроия қўмитаси директори Вячеслав Қосимовнинг сўзларига қараганда, қўмитада ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши кураш соҳасидаги 30 нафар малакали эксперти ишламоқда. Улар ШҲТнинг Тошкент саммитидаги келишувларнинг деярли барча механизмларини ишлаб чиққан. Остона саммитида қабул қилинган шартномаларни бажариш йўлида ҳам силжишлар бор.





Россия вакили Смирнов бу тузилма таркибида қилинаётган ишларни муваффақиятли, деб айтиш мумкин эканини билдирди. Унинг айтишича, ШҲТга аъзо давлатлар қонунчиликларидаги номутаносибликлар баъзи ҳаракатларни олдиндан белгилаб олишга тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун тузилма доирасида ШҲТ аъзо давлатлар махсус хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги асосий вазифа қилиб қўйилган.

Тузилма ижроия қўмитасининг учрашувида йил охиригача терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши ҳаракат қилиш мақсадида анжуман ўтказишга келишиб олинди.

Тожикистон вакили Саидмўмин Ятимовнинг билдиришича, мажлисда минтақадаги хавфсизликни таъминлаш масаласида анча муаммоларни ҳал қилиш йўллари келишиб олинган.


“Биз ўйлаймизки, ҳар бир давлат ўз халқининг, юртининг тинчлиги ва хавфсизлиги учун қайғуради, албатта. Бугунги мажлисда террорчи, айирмачи ва экстремистик ташкилотларнинг, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирувга берилган шахсларнинг ягона рўйхатини тузиш ҳақида келишиб олингани жуда яхши бўлди”, - деди С.Ятимов.

Минтақавий аксилтеррор тузилмага раҳбарлик қилиш навбати Хитой вакилига топширилди. У ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Остона саммитида имзоланган шартномаларни амалга оширишга ҳаракат қилади.
XS
SM
MD
LG