Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:20

Суднинг бешинчи куни: “Сирли” Таваккал Ҳожиев судда кўрсатма берди


Акрамийлик диний оқимининг асосий мақсади ҳаётда қийналиб юрган одамларга пул бериб, даъват қилиш орқали ўз сафларини кенгайтириб бориш ва Ўзбекистонда халифалик бунёд этиш бўлган.




Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган 15 фуқаро устидан Тошкентда ўтаётган суднинг 26 сентябрь кунги мажлисида кўрсатма берган Қирғизистон фуқароси Жаҳонгир Бурҳонов шуларни маълум қилди.



Жаҳонгир Бурҳонов


Шу куни Ж.Бурҳоновдан ташқари Ғуломжон Нодиров, Таваккал Ҳожиев ва Қирғизистоннинг яна бир фуқароси Валижон Эргашевнинг кўрсатмалари тингланди.

Ж.Бурҳоновнинг айтишича, акрамийлар ишлаб топган пулларининг бешдан бир қисмини байтулмолга ўтказиб турган.

У акрамийлар билан бирга жиҳод қилиш учун жисмоний ва ҳарбий тайёргарликдан ўтгани, Ўз вилоятининг Теке қишлоғи яқинида жойлашган ташландиқ ҳарбий полигонда машқлар ўтказилгани ҳақида гапирди.

Ж.Бурҳонов Мамед исмли чечен киши уларга ҳарбий илмдан дарс бергани, шунингдек, бу ерга Тоҳир Йўлдошевнинг одамлари келгани, Ўшдаги Панфилов номидаги спорт мактабида жисмоний тайёргарликдан ўтилганини таъкидлади.

Ж.Баҳромов 13 майга ўтар кечаси содир этилган воқеаларда иштирок этганини айтиб, майдондан чиқиб кетиш ҳолатини аввалги судланувчилар ҳикоя қилгандек сўзлаб берди.

“Гаровдагиларни олдинга қўйиб, Сой томонга юришни бошладик. Йўлда иккита автобус қўйилган экан. Автобуслардан ўтиб, Қобил Парпиев БТРларга қаратиб ўт очишимизни буюрди... Бизга ҳам гаровдагиларга қарата отиш буюрилди. Биз гаровдагиларга ўқ отдик”, - деди Ж.Баҳромов.

Кузатувчиларнинг фикрича, барча судланувчилар шу воқеа, яъни Чўлпон кўчасидаги отишмалар ҳақида батафсил гапирмаяпти. Улар саросимага тушиб қолгани, қаттиқ ёмғир ёққани, олатасир отишмада ким қаёққа отаётганини билмай қолгани ҳақида гапириб, шундан сўнг Қирғизистон томонга қочганини айтяпти. Ж.Бурҳонов ҳам қочган ва бир кун адирда юриб, Ўқчи қишлоғида милиция ходимлари томонидан қўлга олинган.

Прокурорнинг ташландиқ ҳарбий полигонда ўтказилган ҳарбий машқлардаги ўқ овозлари атрофдаги одамларни, милиция ходимларини ташвишга солмадими, деган саволига Ж.Бурҳонов: “Гулбаҳор қишлоғи яқин. Отилган ўқ эшитиладиган даражада. Лекин у ерда (ўқ овози билан) ҳеч ким қизиққани йўқ”, - дея жавоб берди.

Қирғизистонлик яна бир судланувчи Валижон Эргашев жисмоний ва ҳарбий тайёргарликдан ўтгани, Андижондаги воқеаларда одамларни майдонга чиқариш вазифасини бажарганини билдирди.



Валижон Эргашев


“Фитрат кўчасида биродарларимиз 30 дан ортиқ одамни йиғиб турганини кўрдим. Ўзим ҳам 1-2 хондондан одамларни зўрлаб олиб чиқдим. Уларни мажбурлаб митингга олиб келдик”, - деди В.Эргашев.

Унинг сўзларига қараганда, ўша кунги отишмаларда ярадор бўлган Лочинбек Имонқуловни Жалолқудуқ туманидаги шифохонага олиб борганида милиция ходимлари томонидан қўлга олинган.

Судланувчи, 1974 йилда Андижонда туғилган Ғуломжон Нодиров кўрсатмасига кўра, Андижон воқеалари вақтида гаровга олинганларга нисбатан жуда ёмон муносабатда бўлинган. Хорижлик журналистлар акрамийларнинг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб турган.



Ғуломжон Нодиров


Ғ.Нодиров қайси хорижий журналист ундан ёки бошқалардан интервью олганини аниқ айтмади. У 13 май куни соат 16.30 акрамийларнинг руҳий масъулларидан бири Шариф Шокиров гаровга олинган милиция ходимини “Озодлик” радиосига телефон орқали интервью беришга мажбур қилганини таъкидлади. Ш.Шокиров милиционерга агар гапирмаса, отиб ташлаш билан пўписа қилган.

Ғ.Нодиров милиция ходими “Озодлик” радиосига нима деб гапирганини эшитмаганини айтди.

Шу ўринда қисқача эслатма, 13 май куни “Озодлик” мухбирлари Андижонда бўлмаган. Андижондаги воқеаларни фақат 13 май куни эрталаб эшитгандан сўнг мухбирлар ҳаракат қилиб, Ш.Шокировнинг мобиль телефони рақамини топишга муваффақ бўлган. Ўша куни соат 11 ларда ундан Андижонда нималар бўлаётгани ҳақида интервью олинган.

Ғ.Нодиров ўша куни ўзини “Би-Би-Си” деб таништирган Бахтиёр исмли киши келгани, аммо ёнидан мухбирлигини тасдиқловчи ҳужжати чиқмагач, калтакланиб, гаровдагилар сафига қўшиб қўйилганини билдирди.

Суд курсисида икки ака-ука - Илҳом ва Таваккал Ҳожиевлар ҳам ўтирибди. Т.Ҳожиевнинг айтишича, 2004 йилнинг ёз ойларидан акрамийлар раҳбарлари терговга тортила бошланган. Улар ишлаб турган корхоналари фаолияти эса тўхтаган. Шундан сўнг у Россиянинг Иваново шаҳрига бориб ишлаган. У ердаги акрамийларнинг руҳий масъулларидан бири бўлган Қобилҳожининг кўрсатмаси билан 12 май куни Тошкентга қайтиб келган.



Таваккал Ҳожиев


Унинг сўзларига қараганда, 13 май воқеалардан сўнг Қирғизистонга қочиб ўтган. Қочқинларни қирғиз чегарачилари яхши кутиб олиб, чодирлар тикилган лагерга кузатиб қўйган.

Прокурорнинг сизларнинг кўзлаган мақсадларингиз амалга ошмаса, Қирғизистонга ўтиш аввалдан режалаштирилганмиди, деган саволига Т.Ҳожиев: “Буни режалаштирган дейман. Чунки бу ҳаракат февраль ойидан бошланган”, - деб жавоб берди.

Унинг таъкидлашича, Қ.Парпиевдан Америка элчихонаси томонидан Андижон воқеалари учун пул ажратилганини эшитган.

Адвокатнинг элчихона томонидан қанча маблағ ажратилганини кўрдингизми, деган саволига судланувчи: “Қурол-яроғ, машиналар учун катта маблағ кетади. Андижондаги суд олдида намойиш ташкил этилган. Уч ой давомида бу ерга чиққан фуқароларга озиқ-овқат, кийим-кечак, бошқалар учун катта харажат... ташқи раҳнамолар томонидан ажратилгани ҳаммага аён”, - деб жавоб берди.

Т.Ҳожиевнинг таъкидлашича, у Қирғизистондаги қочқинлар лагерида бир ой яшаган. Лагерь ташкилотчиларининг асосий мақсади қочқинлар учун БМТ томонидан ажратилган 2 миллион АҚШ долларини ўзлаштириш эканини тушунгандан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, таслим бўлишга қарор қилган ва Хонобод қишлоғида милиция ходимлари томонидан қўлга олинган.
XS
SM
MD
LG