Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:42

Суднинг тўққизинчи куни: Прокурорнинг беваси эри 23 акрамийни қамаганидан миннатдор


Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 30 сентябрь кунги мажлисида жабрланувчилар ва уларнинг вакиллари кўрсатмаси тингланди.

Андижон шаҳри патруль пост хизмати батальони ходими Музаффар Эсоновнинг айтишича, у шаҳарда навбатчилик қилиб юрган пайтда, соат 22 да тревога сигналини эшитгач, шериги билан зудлик билан батальонга етиб келган. Бу ерда улар ушлаб олиниб, калтакланган.

М.Эсонов ППХга ҳужум қилганлардан бирини уриб қочиб кетгани, қочаётганида орқасидан ўққа тутилганини гапирди. У ППХ батальонига тахминан соат 22 дан кейин ҳужум қилинганини таъкидлаган бўлса-да, жабрланувчи, ППХ ходими Ҳусниддин Дадахонов ҳужум 23.30 ёки 24 ларда бўлганини айтди.

Жабрланувчи, ППХ кинологи Баҳодир Эминовнинг сўзларига кўра, батальонни қўлга олганлар гаровдагиларни калтаклаётганда, ҳужум қилганлардан бири янги ишга кирган оддий милиционерларни урмаслик кераклигини айтиб, офицерларни дўппослай бошлаган.

Жабрланувчи, 44086 ҳарбий қисмнинг артиллерия бўлими бошлиғи Рустам Охунов ҳарбий қисмга ҳужум соат 24 да бошланганини, ҳужум чоғида ҳарбийлардан 2 нафари ҳалок бўлгани, 12 таси жароҳатланганини таъкидлади.

Андижон шаҳри солиқ инспекцияси инспектори Илҳомжон Расулов кўрсатмасига кўра, 12 май куни кечқурун у жияни ва бир қўшниси ҳарбий қисм яқинидаги тамаддихонада овқатланиб ўтирган. Шу пайт қуролланган икки шахс келиб, ундан машинаси калитини беришни талаб қилган. Рад жавобини олгач, қуролланган шахслардан бири автоматдан ўқ узиб, унинг оёғига жароҳат етказган.

“Агар солиқ хизмати ходими кийимида бўлганимда улар менинг бошқа жойимдан отар эди”, - деди И.Расулов.

Андижон шаҳри фавқулодда вазиятлар бўлими ходими Баҳодир Содиқовнинг билдиришича, у ҳамкасби билан бирга вилоят ҳокимлиги биноси олдида тутиб олинган. Иккаласи ҳам роса калтакланган.

Қорақалпоғистондаги чегара қисмларида хизмат қилган подполковник Қодиров Андижондаги уйига келиб, 13 май куни акрамийларга асир тушиб қолган ва ўша ерда ҳалок бўлган.

Унинг беваси Холида Холбоеванинг айтишича, эри ҳокимлик биноси олдида тўхтатилиб, ҳужжатлари текширилган ва қайддан ўтказиш баҳонасида бино ичига олиб кириб кетилган. Шундан кейин эрини тирик кўрмаган. Ҳокимлик биносига киришга уринишлари бекор кетган. Бир кундан сўнг эрининг жасадини ўликхонадан топган.

“Эримнинг ўнг қўл бармоғи йўқ, қўлнинг юқори қисми эса чопилган эди. Юзининг ўнг томони кўкариб, шишиб кетганди. Оғиздан отилган бўлиб, ўқ бошининг орқасини ўпириб чиқиб кетган”, - деди Х.Анорбоева.

У ҳокимлик биноси олдига тўпланганларнинг аксарияти акрамийларнинг қариндош-уруғлари экани, улар орасида болалар, чоллар бўлганини билдирди.

Х.Анорбоева майдонда ўқ товушларини ҳам, “Аллоҳу акбар” деган чақириқларни ҳам эшитмаганини маълум қилди.

Андижон шаҳри прокурори Абдуғани Абдураҳимовнинг беваси Баҳридилхон Абдураҳимова марҳум эри қамоқхона олдида акрамийлар томонидан гаровга олинганини таъкидлади.

“Аллоҳимдан сўрайман, ҳар бир террорчининг қалбини юмшатсин. Буларнинг динни ниқоб қилиб амалга оширган террорчилиги, қабиҳлиги, разиллиги, одамхўрлигини Андижон халқи ҳеч ҳам кечира олмайди. Яхшиямки, хўжайиним 23 тасини қамаган экан. Агар очиқда бўлганида, булар бутун Фарғона водийсини еб қўяр экан”, - деди Б.Абдураҳимова айбланувчиларга қарата.

Жабрланувчи, 64/1 рақамли жазони ижро этиш муассасаси ходими Акбарали Сулаймоновнинг кўрсатмасига кўра, акрамийлар ўз сафдошларини озод қилганда қамоқхонада сақланаётган “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими аъзолари қочишга рози бўлмаган. Ҳизбчилар акарамийларга қўшилишни истамаган.

Ўша пайтда Фарғона вилояти хўжалик суди раиси бўлиб ишлаётган Дилмурод Мирзакаримов Андижонда тасодифан гаровга тушиб қолган. Унинг айтишича, кечгача ҳокимлик биносида ушлаб турилган, Чўлпон кўчаси бўйлаб юришда гаровдагилар сафида бўлган.



Дилмурод Мирзакаримов


“Шу катта майдон одамлар билан тўла эди. Нарёғи кўринмасди. Гаровдагилар олдинга қўйилиб кетилаётганида, техникум олдида БТР турганди. Ҳамма ўз-ўзидан тўхтади. Гаровдагилар аскарлар ва акрамийлар ўртасида қолганди. Акрамийлар БТРга қарата ўт очди. Биз ётиб олдик”, - деди Д.Мирзакаримов.

Д.Мирзакаримов шу ҳолда икки соат ётгани ва қоронғуда у ердан чиқиб кетгани ҳақида гапирди.
XS
SM
MD
LG