Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:15

Қозоғистон ўзбеклари қандай яшаяпти?


Расмий маълумотларга қараганда, Қозоғистон аҳолисининг 2,5 фоизини ўзбеклар ташкил этади. Уларнинг 90 фоизи, яъни ярим миллионга яқини Жанубий Қозоғистон вилоятида яшайди. Жамбул вилоятида ҳам 20 мингдан ортиқ ўзбек бор.

Ўзбек миллатига мансуб аҳоли кўпроқ Сайрам, Туркистон, Сариоғоч туманларида ва Чимкент шаҳрида истиқомат қилади. Ўзбеклар Жанубий Қозоғистон аҳолисининг 17 фоизини ташкил этади. Улар сон жиҳатдан фақат қозоқлардан кейинги ўринда туради.

Қозоғистонлик ўзбеклар Ўзбекистонда яшовчи миллатдошларидан кўра яхшироқ яшашини айтади.

“Бу ерда миллатчилик қилиб, бизни камситиш, эзиш йўқ”, - дейди маҳаллий ўзбеклар.

Қозоғистон ўзбеклари ўз миллий урф-одатлари, анъаналарини сақлаб қолган. Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек миллий маданият маркази раиси Икром Ҳошимжоновнинг айтишича, йўқолиб бораётган миллий урф-одатлар жуда кам. Бу ерда каштачилик, кулоллик, заргарлик анъаналари сақланиб қолган. 5 йил аввал Сайрам қишлоғида ўзбек театри ҳам ташкил этилган эди.

Маҳаллий ўзбеклар Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон телеканаллари намойиши тўхтатилганидан жиддий норози бўляпти. Бундан ташқари, Ўзбекистонда нашр қилинган газета ва журналларни сотишда ҳам тўсиқлар юзага келяпти.

Жанубий Қозоғистондаги деярли барча ўзбек мактабларида дарсликлар етишмаслиги муаммоси мавжуд. Бадиий адабиётлар муаммоси ҳам бунга қўшиляпти. Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтилгач, қозоғистонлик ўзбеклар бу адабиётлардан бебаҳра қолмоқда.

Қозоғистондаги ўзбек ёшларини қийнаётган асосий муаммо давлат имтиҳонлари, олий ўқув юртларига кириш тестларининг барчаси қозоқ ёки рус тилида бўлишидир.

“Бу масалада Таълим вазирлигига ҳам мурожаат қилганмиз. Улар тест саволларини ўзбек тилига ўгириб беришни ваъда қилганди. Лекин бирор ижобий натижа йўқ”, - дейди ўзбек миллий маданият маркази раиси И.Ҳошимжонов.

И.Ҳошимжоновнинг билдиришича, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан маданий алоқалар бутунлай тўхтаб қолган.

Жанубий Қозоғистондаги деярли ҳар бир ўзбек оиласининг Ўзбекистонда қариндошлари бор. Бироқ кейинги пайтларда пайдо бўлган чегара муаммоси қариндошлик муносабатларига тўсқинлик қиляпти.

“Қозоғистонлик ўзбеклар Ўзбекистоннинг ривожланган, қудратли давлат бўлишини истайди. Ислом Каримов қозоғистонлик ўзбекларга умуман эътибор бераётгани, хорижлик ўзбекларни ўйлаб, ғамхўрлик қилаётгани йўқ. Биз салгина эътиборига зор бўляпмиз”, - дейди маҳаллий ўзбеклар.
XS
SM
MD
LG