Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:32

Суднинг ўнинчи куни: Сойдаги отишмада қатнашган ҳарбийдан оломоннинг талофатлари ҳақида сўралмади


Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 3 октябрь кунги мажлисида Сойдаги отишмада қатнашган ҳарбийларнинг ҳам кўрсатмалари тингланди.

3241-ҳарбий қисм бўлинма бошлиғи Ботир Фармоновнинг суддаги кўрсатмасига кўра, унинг гуруҳига Андижон вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси биносини қўриқлаш вазифаси топширилган. Гуруҳ 13 май куни тунги соат 2.30 дан эрталабки соат 8.30 гача бошқарма биносини ичкаридан туриб ҳимоя қилган.

“Менинг бўлинмам шахсий таркибидан 1 киши ўлди, иккитаси ярадор бўлди. 44086-ҳарбий қисмдан бир киши яраланди. Жангарилар қанча талофат кўрганини билмайман. Тахминан 20-25 киши бўлиши керак”, - деди Б.Фармонов.

55159-ҳарбий қисм аскари Раҳим Рўзиохуновнинг айтишича, 13 май куни 6 киши бўлиб “УАЗ” ҳарбий жипида кетаётганида ҳокимлик биноси олдида ўққа тутилган.

У жангариларга асирга тушиб қолгани ва қўлидан яралангани ҳақида гапирди. Адвокатнинг жангариларда уни гаровга олиш ва отиб ташлашга имконият бормиди, деган саволига Р.Рўзиохунов тасдиқ жавобини берди. “Жангарилар сизга раҳм қилди, деб айтиш мумкинми”, деган саволга эса у “инсонийлик туфайли шундай бўлиши мумкин”, дея жавоб қайтарди.

Адвокат ёнғиндан сақлаш бошқармаси ходими Ҳосилжон Дадабоевга ҳам шундай савол билан мурожаат қилганида прокурор йўналтирилган савол берилганини айтиб, эътироз билдирди. Суд раиси саволни бошқачароқ тушунтиргандан кейин жабрланувчи: “Агар раҳм-шафқат қилганида бизни отмасди. Келаётган машинага огоҳлантиришларсиз отишди”, - дея жавоб қайтарди.

Ҳ.Дадабоев оёғидан ўқ еган, машина урилиши натижасида бошидан жароҳат олган. Қуролли шахслар уни гаровга олмай, ўша жойда ташлаб кетган.

Суд пайтида Андижон воқеалари чоғида турли жароҳат олганини айтган яна бир неча ҳарбий кўрсатма берди.

Жабрланувчи Муҳаммад Юсупов Фарғона шаҳрида жойлашган 52788-ҳарбий қисмнинг разведкачи мергани. Унинг суддаги кўрсатмасига кўра, 13 май куни эрталаб мазкур ҳарбий қисм аскарлари Андижонга етиб келган. Унинг бўлинмасига Сой маҳалласида блок пост ўрнатиш топширилган.

М.Юсупов аскарлар кўчани тўлдириб келаётган оломонга ва олдинги қатордаги гаровдагиларга қарата ўқ узмаганини таъкидлади.

“Капитан Жўраев ўртага чиқиб, уларга қуролларини ташлаб, ажратилган коридордан чиқиб кетавериши мумкинлиги, ҳеч ким қаршилик кўрсатмаслигини айтаётганида оломон ичидан автомат қуролдан тўхтовсиз ўқ узилиб, капитан жароҳат олиб ерга қулади... Учинчи ҳарбий хизматчи ҳам яралангандан кейин капитан Жўраев ва қуролланган шахсларни мўлжаллаб отишга буйруқ берди”, - деди М.Юсупов.

Унинг айтишича, отишма соат 22 ларгача давом этган. Оломон эса ҳар тарафга қочган. Отишмалар чоғида бир ҳарбий ҳалок бўлган ва 8 таси жароҳатланган.

М.Юсуповга Сойдаги отишма вақтида жангарилар ёки оломондан қанча киши ўлгани ҳақида савол берилмади.

Аввалги суд мажлисларида судланувчилар 10 май куни Андижон туманидаги Оқёғ қишлоғида акрамийлар гуруҳи тўпланганидан хабардор бўлиб келган милиция ходимлари калтаклангани ҳақида кўрсатма берганди. 3 октябрь кунги суд мажлисида шу тадбир чоғида жабрланган Андижон тумани ИИБ ходими Жамшид Рўзиохуновнинг кўрсатмаси тингланди.

Ж.Рўзиохунов ёрдамчи куч сифатида қишлоққа борганида акрамийлар томонидан ушлаб олиниб калтаклангани, оёқ-қўли боғланиб, сувга ташлаб юборилгани, бахтли тасодиф туфайли омон қолганини гапирди.

“Ариқнинг эни 4 метрдан ошиқроқ, чуқурлиги 2-3 метрлар экан. Оёғим ерга тегмади. Мени ўлди деб сувга ташлаб юборишган. Совуқ сувга тушганимда ҳушимга келгандим. Қирғоққа чиққанимда қўл-оёғим ечилган эди. Қандай ечилиб кетганига ақлим етмайди”, - деди жабрланувчи.

Участка нозири Аъзамжон Қодиров ҳам, суддаги кўрсатмасига кўра, 10 май куни Оқёғ қишлоғида қаттиқ калтаклаган.

Касби ҳайдовчи Иброҳимжон Тўрабековнинг билдиришича, ўғли ҳокимлик биноси олдига борган ва номаълум сабабларга кўра ҳалок бўлган.

“Сойда кимдир маҳоратини синаганми, ўқ бир жойдан келиб қолганми, бошига теккан. Кейин шифохонага олиб борилган. Ўша ерда ўлибди”, - деди И.Тўрабеков
XS
SM
MD
LG