Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:37

Суднинг ўн иккинчи куни: Акрамийлар Чўлпон кўчасида бир-бирини отган


Тошкентда Андижондаги воқеаларда фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 5 октябрь кунги мажлисида гувоҳлик берган уч кишидан иккитаси ўзини акрамийлик оқими аъзоси сифатида таништирди.

Судланувчи Абдубоис Иброҳимовнинг укаси Абдувоҳид Иброҳимов суд залига милиция назоратида кириб келди ва қўлларига кишан солинган ҳолда кўрсатма берди. У акасининг даъвати билан акрамийлик оқимига аъзо бўлганини билдирди. Абдувоҳид акаларига қарши кўрсатмалар берди.



Абдувоҳид Иброҳимов


“Акам Абдумалик 20 кишилик гуруҳ раҳбари этиб тайинлангани, мен ҳам шу гуруҳга аъзо бўлганимни айтишди”, - деди А.Иброҳимов.

У 13 май куни машиналар ва театр биносига ўт қўйишга Мўйдин Собиров буйруқ бергани, ҳарбий қисм ва қамоқхонага ҳужумларда, Чўлпон кўчасидаги отишмаларда қатнашганини маълум қилди.

“Чўлпон кинотеатри олдига етганда узоқда битта БТР ва 5-6 та ҳарбийни кўрдим, - деди А.Иброҳимов. – Ҳарбийлардан бири олдинга чиқиб, қўли билан қандайдир ишоралар қилди. Биродарлардан бири ҳарбийларга қарата отишни буюрди. Биродарлар отишни бошлаб юборди. Олд сафдаги гаровдагилар ва атрофдаги биродарлар ўқ тегиб, йиқилишни бошлади. Биродарларимиз отган ўқ ёнимдаги икки биродарга текканини кўрдим”.

А.Иброҳимов ҳарбийлар оломонга қарата ўқ отмаганини таъкидлади. У хорижга кетган акрамийлардан ўзлари каби Ўзбекистонга келиб, қилган ишлари учун жавоб беришини сўради.

12 майдан 13 майга ўтар кечаси 64/1 рақамли жазони ижро этиш ўташ муассасидан озод этилган Михаил Рудаков ҳам милиция ходими назоратида қўлига кишан солинган ҳолда кўрсатма берди. Асли Россиянинг Таганрог шаҳрида туғилган, Ўзбекистонда 1984 йилдан буён яшаб келаётган М.Рудаков муқаддам икки марта судланган. Унинг айтишича, акрамийлар уни қамоқдан озод этгач, ўзи билан ҳокимлик биносига олиб кетган. Қурол билан ишлашни яхши билгани учун ҳокимлик биносида акрамийларга қурол тарқатган, ишдан чиққан қуролларни тузатиб берган. Уларга автоматдан отишни ўргатган.



Михаил Рудаков


М.Рудаков ўз кўрсатмасида акрамийлар қўлида хорижда ишлаб чиқарилган қуролларни кўрганини таъкидлади.

“Шахсан мен ҳеч кимга хорижда ишлаб чиқарилган қурол тарқатмадим. Томга чиққанимда немис мерганлик милтиғини, ҳокимлик биносидан чиқаётганимда Америкада ишлаб чиқарилган М-16 русумли икки милтиқни кўрдим”, - деди М.Рудаков.

М.Рудаков акрамийлар бу қуролни қаердан олганини айтмагани, ҳокимлик биносидан қочиб чиқмоқчи бўлгани, лекин бунинг иложини қила олмагани ҳақида гапирди.

Аввалги суд мажлисларида судланувчилар Баҳром Шокиров ва оила аъзоларининг Андижон воқеаларини ташкил этишдаги иштироки ҳақида кўрсатма берганди. 5 октябр кунги суд мажлисида шу оиланинг фарзанди Ҳасан Шокиров қўллари кишанланган ҳолда кўрсатма берди. У сўзининг кириш қисмидаёқ онги акрамийлик “диний экстремистик” оқими ғоялари билан заҳарланганини таъкидлади. У ўз кўрсатмаларида инсон ҳуқуқи ҳимоячилари тўғрисида ҳам тўхталди.

“Суд жараёнига (23 акрамий устидан) “Аппеляция” инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси Саиджаҳон Зайнобиддинов ва унинг ёрдамчиси Лутфулло Шамсиддинов келганини кўрганман. Улар отам, акам ва қудамиз Нурулло Мақсудов, Муҳаммаджон Қодиров билан гаплашиб, олган маълумотларига асосланиб, “Сентразия” ва “Фергана.ру” сайтларида судланувчиларни ноҳақдан судланаётган оддий тадбиркор (аслида уларнинг ғояси ислом давлати бўлса-да - Ҳ.Шокиров) сифатида кўрсатиб, уйдирма мақолалар чиқарган”, - деди Ҳ.Шокиров.



Ҳасан Шокиров


Ҳ.Шокиров ўз кўрсатмасида Андижондаги судга “Озодлик”, “Би-би-си” мухбирлари, Шарифжон, Матлуба Азаматова, Моника Уитли, Маркус Беннсман келгани, улар судланаётганларнинг яқинларидан интервью олганини билдирди.

“Улар оқим (акрамийлик) раҳбарларига суд биносига кўпроқ одам жалб қилиш, намойиш ва пикетлар ўтказишни ўргатган, очиқроқ айтганда, Ўзбекистонга (қарши) салбий фикрлар уйғотишга ҳаракат қилган”, - деди Ҳ.Шокиров.

У 13 май куни ҳокимлик биносининг биринчи қаватида Багила ва Галима Бухорбоевалар, Маркус Беннсман ва фоторепортёрлар акаси Шариф Шокиров ва Қобул Парпиевдан интервью олганини кўрганини ҳикоя қилди.

Ҳ.Шокиров ҳокимлик биноси олдидаги намойишда сўзга чиққанлар гўёки фақат майда-чуйда гаплар гапирганини таъкидлади. Шунингдек, у Чўлпон кўчасида биринчи бўлиб акрамийлар ўқ узганини айтди.

Ҳ.Шокиров Қирғизистонга ўтиб кетгани ва қочқинлар лагерида яшаб, ватан олдида қилган жиноятларини тушуниб етгач, Қирғизистон миграция хизматига ариза ёзиб, Ўзбекистонга ўз оёғи билан келиб таслим бўлганини маълум қилди.

“Радио орқали президентим, халқимнинг мурожаатини эшитдим. Президентим кимки қўлига қурол олган бўлса-да, одам ўлдирмаган бўлса, кечиришини айтди. Бу мурожаатларни эшитиб, юракларимиз эзилгандан кейин она юртимга, оилам бағрига қайтишга ўзим қарор қилганман”, - деди Ҳ.Шокиров.
XS
SM
MD
LG