Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:52

Мўътабар Тожибоева ва Зоҳидхон Зокиров ҳибсга олинди


Шайбон 7 октябрь куни Фарғонада фаолият кўрсатадиган “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева ва ундан аввалроқ эса наманганлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Зоҳидхон Зокиров ҳисбга олинди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг М.Тожибоеванинг қизи Маҳлиёнинг сўзларига таяниб хабар беришича, “Ўтюраклар” клуби раҳбари Дублинга учиб кетиш учун Тошкентга бормоқчи бўлиб турган вақтида ўз уйида ҳибсга олинган. Ўзини вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари деб таништирган шахслар унинг уйидаги компьютер ва барча ҳужжатларни олиб кетган. М.Тожибоева айни пайтда вилоят ИИБнинг вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилибди.

А.Эргашев М.Тожибоева нима сабабдан ҳибсга олингани номаълумлиги, аммо унинг Дублинга бориши олдини олиш мақсадида шундай қилинган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Фарғона вилояти прокуратураси прокурори Бахтиёр Маматов М.Тожибоеванинг ҳибсга олиниши юзасидан маълумот бера олмаслигини айтар экан, уни гумонланувчи сифатида ушлаб туришга етарли асослар борлигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнида М.Тожибоева Қирғизистондаги инқилоб вақтида қўшни давлат халқига табрик йўллаганликда, ўзбекистонликларни ҳам шундай хатти-ҳаракатларга даъват этганликда айбланганди. Айни айбловлар унинг ҳибсга олинишига сабаб бўлиши мумкинлиги борасида ҳам тахминлар мавжуд.

Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг Ўзбекистон бўлими вакили Зоҳидхон Зокиров ҳам Андижон вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишда айбланмоқда.

З.Зокировнинг онаси Холисхон аянинг айтишича, ўғли чиндан ҳам Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига бориш ниятида бўлган.

“Ўғлим 3 октябрь куни ўртоғи Баҳодир Қаҳҳоров билан бирга Ўшда бўладиган тренингга қатнашиш учун чиқиб кетганди. Б.Қаҳҳоров ўтиш йўлларини билиши айтиб, ўғлимни етаклаб кетди. 6 октябрь куни ўзини адвокат Нурмурод Шерматов деб таништирган киши телефон қилиб, Зоҳидхоннинг қамаб қўйилганини билдирди”, - деди Холисхон ая.

Холисхон ая ўғли айни пайтда Андижон вилояти МХБ ҳибсхонасида сақланаётганини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти Ўзбекистон бўлими раҳбари Марат Зоҳидовнинг сўзларига кўра, ташкилот айни ҳолат юзасидан суриштирувни бошлаб юборган ва ўз аъзосининг озод этилиши учун барча чораларни кўради.

“Терговчи Зоҳидхонни озод этиш учун 500 доллар сўраяпти. Аммо биз пора беришдан бош тортяпмиз”, - деди М.Зоҳидов.

Зоҳидхон “Озодлик” радиосининг Наманган вилояти бўйича мухбири Носир Зокирнинг кенжа ўғлидир. Носир Зокир жорий йилнинг август ойида Наманган вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси ходимини ҳақоратлашда айбланиб, олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Марат Зоҳидов Зоҳидхоннинг ҳибсга олиниши Носир Зокирга бевосита руҳий тазйиқ ўтказишга уриниш бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
XS
SM
MD
LG