Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:29

Шароф Убайдуллаев: “Маҳбуба Зокирова жасорати тарихда қолади”


Ўзбекистон Олий судида Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган шахслар устидан ўтказилаётган суд жараёнида гувоҳ Маҳбуба Зокирова берган кўрсатма жамиятда жуда катта акс-садога сабаб бўляпти.

Журналист Шароф Убайдуллаев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ушбу кўрсатмани тинглагандан сўнг пайдо бўлган мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Мухбир: М.Зокированинг кўрсатмаси ўзбек зиёлиларида қандайдир янги таассурот пайдо қилдими? Уларни бошқача фикрлашга ундадими?

Ш.Убайдуллаев: Албатта, мен бошқалар учун гувоҳлик бера олмайман. Лекин уч ҳафтадан буён давом этаётган суд юрагимда қанчалик мавҳумлик, қоронғулик, зулмат уйғотган бир чоғда Маҳбуба Зокирова деган опахонимиз, хокисор, муштипар, қушдайгина бир аёл айтган ҳақ сўз қалбимда момақалдироқдай янгради. Маҳбубахоннинг сўзлари ҳақ бўлгани учун ҳам шундай жаранглади. Ундан олдин жуда кўп йигитлар, борингки, оппоқ соқолини силкатган чоллар, не-не барваста одамлар кўзи бошқаю сўзи бошқа бўлиб, телевидениеда шундай артистлик ролини бажардики... Тўғри, уларга ҳам осон тутиб бўлмайди. Олтин юлдуз таққан не-не зиёлиларимиз, адибларимиз оғзига талқон солиб турган бир пайтда, “мен халқнинг, адолатнинг элчисиман” деб, Олий суд ва таҳририятлар ўртасида чопиб юрган журналистларимиз учун, жим томоша қилиб турган қанча-қанча зиёлиларимиз учун мана шу ҳақ сўз тарсаки, туртки, ҳаттоки калтак бўлган бўлса, бунинг муболаға жойи йўқ.

Мухбир: М.Зокировагача гувоҳлик берганлар, кузатиб боргансиз, фақат бир йўналишда гапирди. М.Зокирова уларга қарши бўлган гапларни айтди. Сиз нима деб ўйлайсиз, бу журъатми, ўзбек аёлининг қандайдир шижоатими? Аёлда бу жиҳатлар қаердан пайдо бўлди экан?

Ш.Убайдуллаев: Жаҳонда Маҳбубахон айтган гапларни гапирмаган матбуот қолмади. Лекин бу сўзларнинг Олий суддаги жараёнда айтилиши мутлақо янгилик бўлди. Бу ерга келишда Маҳбубахон жуда катта чиғириқлардан ўтган. Бу табиий. Ўйлайманки, Маҳбубахон узоқ вақт тишини тишига қўйган ва ўзига ўзи далда берган. Назаримда у ҳатто жасорат кўрсатдим, деб ҳам ўйламайди, чунки унинг сўзлаши, соддалиги, тўпорилиги, унинг кўз қарашларида жасорат эмас, ҳақиқат аломатлари бор. Айтиш мумкинки, у ҳали жасорат тўғрисида тўла тасаввурга ҳам эга бўлган эмас. Шунинг учун судда “энди мени қамайсизларми”, деганда қамалишга ҳам тайёр эканини яширган эмас. Лекин шу ўринда айтиш керакки, Маҳбубахон она Тўмарис, она Қурбонжон додхоҳ жасоратларини яна бир поғона юқорироқ кўтарди. Ҳатто бутун Европада қайта-қайта тилга олинадиган Жанна д’Арк жасоратидан юқорироқ жасорат кўрсатди. Тўмарис ҳам, Қурбонжон додхоҳ ва Жанна д’Арк ҳам атрофида қўшинларга эга эди, ҳамдардларга эга эди. Улар ўз орқасида жуда катта халқи ва ватани турганини биларди. Маҳбубахон эса суд залида ёлғиз эди. Яккаю ягона эди бу муштипар аёл. У мана шу ерга оддийгина сўзи ва юрагидаги жасорати билан етиб келдики, мен ўйлайман, бу ўзбек аёлларини жаҳон миқёсида, тарих олдида яна бир поғона кўтарди. Яна бир бор айтаман, Маҳбуба Зокирова миллион-миллион хокисор, ҳақиқатни турмуш тарзига айлантирган ўзбекларнинг, она юртимиз, она халқимизнинг буюк намоёндаси бўлиб тарихда қолишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
XS
SM
MD
LG