Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:27

Тошкентда арча байрами ўтказилмайди


Дилнаво Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ўтган йилда бўлгани каби болалар учун янги йил киришига бағишланган саҳналаштирилган оммавий байрам тантаналари ўтказиш маън қилинган.

Ёш томошабинлар театрининг ўзини таништиришни истамаган ходими Маданият ва спорт ишлари вазирлигида шу масалага бағишланган йиғилиш бўлгани ва байрам тантаналари ўтказмаслик ҳақида кўрсатма берилганини тасдиқлади.

Вазирликнинг театрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари эса бу маълумотни рад этди ва бу гап қаердан чиққанига ҳайрон бўлаётганини билдирди.

Вазирликдаги бошқа бир ходимнинг маълум қилишича, бу каби чоралар, асосан, болалар ва ота-оналар бир жойга йиғилганда террорчилик ҳаракатлари содир этилиши эҳтимоли мавжудлигини эътиборга олиб, эҳтиёткорлик сифатида амалга оширилиши мумкин.

Тошкентдаги театрлар раҳбарлари ҳам арча байрами тантаналари ўтказиш маън қилинганини тасдиқлади ва бу ҳақда батафсил маълумот бера олмаслигини таъкидлади.

Театрлардан бирининг ходими сўзларига кўра, жорий йилда бу қарор анча аввал маълум қилингани театрларнинг байрамга тайёргарликка маблағ сарфлаши олдини олган. Ўтган йили бундай кўрсатма кеч олингани учун театрлар байрамга тайёргарлик кўришга анча харажат қилиб, куйиб қолганди.

Театр ходимларининг айтишича, ҳар йили деярли бир ой давомида кунига 4 марталаб кўрсатиладиган янги йил томошалари театрларга яхшигина даромад келтиради.
XS
SM
MD
LG