Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:09

Санжар Умаров ҳибсхонадан мактуб чиқарди


“Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров ҳибсхонадан чиқарган мактубида ўзининг мутлақо айбсизлигини таъкидлаб, руҳий тазйиқ ва пўписалар бўлаётганини маълум қилган.

Коалиция мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятованинг “Озодлик” радиосига айтишича, С.Умаров бу мактубни прокуратура ходимларидан бири орқали бериб юбораётганини билдирган.

“Мен бу баёнотни умримда биринчи марта кўриб тураётган одам орқали узатяпман. Шундай бўлса ҳам мен унга ишондим. Агар мактуб қўлингизга етиб борса, билингки, бутун қалби билан ўз халқи учун қайғурадиган, номус ва ўзлигини йўқотмаган погонли одамлар ҳали ҳам бор”, - дейилади мактубда.

Н.Ҳидоятова мактубнинг айнан С.Умаров томонидан ёзилганини аниқ тасдиқлай олмаслигини, уни олиб келган киши ҳеч қандай тушунтириш бермаганини таъкидлади.

С.Умаров мактубида унга асоссиз айблар қўйилгани, руҳий тазйиқ ва қўрқитишлар бўлаётгани, психотроп моддалар қўллаш билан таҳдид қилинаётганини ёзади.

“Ҳеч қандай аниқ бир нарса йўқ. Терговчилар сўзларидан фақат шу нарса аниқки, “молиявий айблов” “Серқуёш Ўзбекистоним” фаолиятини тўхтатиш учун фақат баҳона, холос. Биз қонун доирасида иш олиб борганимиз ва бизга нисбатан ҳеч қандай айблов топа олмаётганликлари уларни кўпроқ ажаблантиряпти”, - дейилади хатда.

Хатда ёзилишича, коалициянинг асосий ютуғи очиқ ва ошкора фаолият кўрсатганидадир.

“Қайддан ўтиш учун Адлия вазирлигига ариза бердик, - сўзлари билан давом этилади мактубда. - Туҳмат учун газета устидан судга шикоят қилдик. Мамлакат президентига музокара олиб бориш учун очиқ мурожаат этдик. Лекин улар жавоб бериш ўрнига мени қамоққа олди”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова С.Умаров иши бўйича матбуот учун баёнот тайёрланаётгани, унда барча саволларга жавоб берилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG