Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:03

Қозоғистонлик ўзбек ижодкорларини ватан муаммоси қийнайди


Ярим миллионга яқин ўзбек яшайдиган Жанубий Қозоғистонда ўзига хос ўзбек адабий муҳити шаклланган. Лекин Ўзбекистон билан алоқалар сустлашиб қолгани бу муҳитнинг ривожланишига тўсиқ бўляпти.

Вилоятда “Чашма”, “Исфижоб”, “Отаий”, “Шамчироқ”, “Чимкент”, “Туркистон гуллари” каби бир неча ўзбек ижодий уюшмаси фаолият кўрсатади.

“Чашма” ижодий уюшмаси раиси Абдураҳим Пратовнинг айтишича, вилоятдаги ўзбек ижодкорларидан олтитаси Қозоғистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳисобланади. Эрназар Рўзиматов, Баҳодир Собит, Иброҳим Туркий, Зокиржон Мўминжонов, Соатой Камол қизи каби ижодкорлар Қозоғистондаги ўзбек адабий муҳити ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келяпти.

Бу ижодкорларнинг кўпчилиги назмда қалам тебратади. Шунинг учун наср ривожи назмдан анча орқада.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Ботир Норбоевнинг таъкидлашича, қозоғистонлик ўзбекларнинг ўз адабий муҳитини ривожлантириши учун етарли шароит йўқ. Бунга сабаб адабий муҳитнинг жуда сустлиги, адабий танқид деярли мавжуд эмаслигидир.

“Қозоғистон мустақил бўлгач, Ўзбекистон билан маданий алоқаларнинг тўхтаб қолиши адабиёт соҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Шўро замонида истеъдодли шоир-ёзувчилар Ўзбекистонга кетиб, у ернинг адабий муҳитида тобланарди. Уйғун, Одил Ёқубов, Саъдулла Сиёев, Носир Фозилов кабилар асли қозоғистонлик ўзбек ижодкорларидир”, - деди Б.Норбоев.

А.Пратовнинг сўзларига кўра, икки йилдан буён ўтказилаётган “Назм юлдузлари мушоираси” танлови кўплаб янги ижодкорларни кашф этмоқда. Бундан ташқари, ҳар йили уюшмалар биттадан тўплам чиқаришни йўлга қўйган.

“Ҳозир қозоғистонлик ўзбек ижодкорлари Ўзбекистондаги миллатдошлари битган асарлардан бебаҳра қолмоқда. Чунки у ердан китоблар олиб кела олмаяпмиз. Қолаверса, бу асарлар лотин ёзувида чиққани учун бизнинг ўзбеклар уни ўқишда қийналади”, - деди А.Пратов.

Б.Норбоев қозоғистонлик ўзбек ижодкорларни ватан муаммоси қийнаяпти, деб ҳисоблайди. Қозоғистонлик ўзбеклар ўзини бошқа шароитга тушиб қолгандек ҳис қилмоқда. Зеро, Ўзбекистон уларга аҳамият бермаяпти, қўллаб-қувватламаяпти.
XS
SM
MD
LG