Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:49

Жармахон Туяқбой сайловчилар билан навбатдаги учрашуви


Қозоғистон президентлигига ўтказилаётган сайловда асосий номзодлардан бири сифатида кўрилаётган мухолифат етакчиси Жармахон Туяқбой сайловчилар билан навбатдаги учрашувини томидан сув ўтиб турган заводда ўтказди.

Сайрам туманидаги Тошсой овули чекасида жойлашган заводда ўтказилган учрашувга анчагина одам йиғилди. Томдан чакка ўтиб тургани боис айримлар ҳатто соябон тутиб ўтиришга мажбур бўлди.

Шунинг учун сайловчилардан бирининг: “Қозоғистон бой давлат экани, қўшни республика фуқароларининг бизга ҳавас қилаётганини биламиз. Бироқ бугунги учрашув томидан чакка ўтаётган шундай бинода ўтиши Қозоғистондек бой давлат учун уятли эмасми”, - деган саволи ўринли бўлди.

Бунга жавобан Ж.Туяқбой гапни бир вақтлар Чимкент аэропортида “Мерседес”ларда кутиб олингани, полициянинг махсус кузатувида замонавий саройларга олиб борилганидан бошлади.

Сўзини давом эттириб: “Бироқ бугунги вазият бошқача. Бу ҳукуматнинг қўрқуви натижасида пайдо бўлаётган вазият. Бугун уларнинг олдида икки йўл бор. Биринчиси, Жармахон Туяқбойни йўқотиш. Иккинчиси, уни халқ билан учраштирмаслик. Улар менинг сўзим халққа етиб бормаслиги учун астойдил ҳаракат қиляпти”, - деди.

Ж.Туяқбой агар сайловда мағлубиятга учраса, гўёки инқилобий ҳаракатлар бошлаши ҳақида пайдо бўлган миш-мишларга ҳам ойдинлик киритди.

Унинг айтишича, бундай ҳаракатлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мамлакатдаги вазият кескинлашаётганига айбдорлар эса тазйиқ ўтказаётганлар, кишиларни таъқиб остига олаётганлар, яъни ҳукуматнинг ўзидир.

Ж.Туяқбой коррупция ривожланган, халқ кун сайин камбағаллашаётган жойда, албатта, ижтимоий портлаш бўлиши мумкинлиги, Қозоғистондаги бугунги вазият ҳам шунга олиб келиши эҳтимолдан йироқ эмаслигини таъкидлади.

Мухолифат етакчиси сўзларига кўра, қозоғистонликларниг ночор яшаётганига асосий сабаб ишсизликдир. Айни пайтда аҳолининг 25 фоизи қашшоқликда яшамоқда. 50 фоизига эса қашшоқлик хавф солиб турибди. Мамлакатда эркаклар меҳнат нафақасига 63 ёшда чиқиши белгиланган. Улар эса нафақа ёшига етмай ўлиб кетяпти. Ҳозир Қозоғистонда эркаклар ўртача 60 йил умр кўради. Мамлакат оналар ва болалар ўлими, сил касаллиги кўрсаткичлари бўйича дунёда олдинги ўринларда туради.

“Биз тадбиркорларга, сармоядорларга имтиёзлар беришни таклиф қиляпмиз. Кичик ва ўрта тадбиркорликни 5 йил мобайнида солиқлардан озод этсак, улар қандай ривожланиб кетишини, қанча янги иш ўринлари очилишини тасаввур қиляпсизми? 5 йилда мамлакатда 1,5 миллион иш ўрни ташкил қилиш мумкин”, - деди Ж.Туяқбой.

Ж.Туяқбой қанчалар ваъдалар бермасин, амалдаги президент Нурсултон Назарбоевнинг учрашувга келган тарафдорларини ишонтира олмагани маълум бўлди. Улар Н.Назарбоевдан миннатдорлиги яшириб ўтирмади.

Ж.Туяқбой тарафдорлари эса уларга жавобан Н.Назарбоев “халқни қора нон ва сув билан боқаётгани”, мухолифат эса “оқ нон ва сарёғ” таклиф этаётганини билдириб, бошқаларни ҳам мана шу сафларга қўшилишга чақирди.
XS
SM
MD
LG