Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:58

Халқаро Амнистия: Алматов сўроқ қилиниши, лозим бўлса хибсга олиниши керак...


Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Германияда даволанаётган Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматовни сўроқ қилиш, агар халқаро қонунлар тақозо этса уни ҳибсга олиш керак, деган талабнома билан чиқди.

Қамоқхоналарда махбусларни қийнаш ва фуқароларга қарши мунтазам ҳужумлар жиноят ҳисобланади ва бу жиноятларга масъул шахс жавобгарликка тортилиши керак, деган тўхтамда ташкилот Германия Федерал прокурорига хат жўнатган. "Алматов ҳозир Германияда. Биз кеча унга нисбатан тергов иши олиб борилиши керак, деган талабни қўйдик ва Гермения Федерал прокуроридан терговни зудликда бошлашни, агар лозим бўлса Алматовни ҳибсга олишни сўрадик", - деди Германиядаги Халқаро Амнистия ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Инке Диерсон.

Халқаро Амнистия талабномасида Алматов нафақат қамоқхоналардаги қийноқлар, балки 13 май кунги Андижондаги қонли воқеалар юзасидан ҳам сўроқ қилиниши кераклиги айтилади. Қандай ҳуқуқий мезонга кўра, Германия прокуратураси ўзга давлат фуқароси бўлган Алматовни сўроқ қилиши мумкин деган саволга Инке Диерсон шундай жавоб қилди:

"Германия халқаро жиноят кодексига эга ва бу кодекс Германиядан ташқарида, ўзга давлат фуқаролари тарафидан содир этилган жиноятларни ҳам кўриб чиқишни тақозо этади. Фуқароларга қарши мунтазам ҳужумлар жиноят саналади ва Ўзбекистондаги бу билан боғлиқ холатлар ҳамда қийноқлар борасидаги даъволарни Германия Федерал прокурори текшириши керак".

Саратон касалига дучор бўлгани айтилаётган Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов ҳозирда Германиянинг Ҳановер шифохонасида даволанмоқда. Германия ҳукумати Европа Иттифоқининг виза чекловларига қарамай, Алматовнинг мамлакатга киришига рухсат берди. Германия мулозимлари жаноб Алматовга "инсонпарварлик" нуқтаи назаридан виза берилганини айтишган. Аммо, Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, бу Алматовнинг жавобгарликдан соқит қилинганини англатмайди.

"Биз инсонпарварлик нуқтаи назаридан, тақиқларга қарамай унга виза берилишини тўғри қарор деб биламиз. Сабаби у оғир ҳасталикка дучор бўлган. Унга виза берилишига эътирозимиз йўқ. Лекин бу Алматовнинг инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ жиноятларга жавобгарликдан соқит қилинганини англатмайди. Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги қамоқхоналарида одамлар қийноққа солингани билан боғлиқ кўплаб хаолатлардан хабардор ва бу жиноятлар устида Алматов турган, деган фикрдамиз. Шу ва бошқа холатлар юзасидан Германия прокуратураси тергов бошлаши керак".

Аммо Германия прокуратураси Халқаро Амнистия ташкилотининг сўровига ҳозирча жавоб қилмаган.

"Ҳозирча прокуратура бу сўровимизга қандай жавоб қайтаришини билмаймиз. Биз кеча уларга хат жўнатдик, ҳозирча хатга жавоб бўлмади. Лекин, прокурор қонунга кўра теровни бошлаши керак ва бунга бизда шубҳа йўқ", - деди Германиядаги Халқаро Амнистия ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Инке Диерсон.

Аввалроқ Зокир Алматовга Германия виза берганига қарши қатор норозилик тадбирлари бўлди. Кўпчилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ўзбекистон ички ишлар вазирига Шенген визаси берилишини иккиюзламачилик, дея атаган. Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Осиё дастури раҳбари Роберт Темплер, Европанинг исталмаган шахслар рўйҳатида биринчи номи келтирилган Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг Германия ҳудудида даволанаётгани Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан икки юзламачилик сиёсатини олиб бораётганига яна бир далил эканлигини айтган эди.

“Менимча, Европа Иттифоқи бундай ҳаракатидан уялиши керак. Виза чекловини жорий қилишдан асосий мақсад Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон халқига ҳар қандай ҳолда, жумладан тиббий ёрдам керак бўлган вазиятларда ҳам Ўзбекистон мулозимлари Европага қўйилмаслигини аниқ айтишдан иборат. Алматов мисолида бу айниқса долзарб масала ҳисобланади, чунки бундай мамлакатлар раҳбарлари, албатта, Германия каби мамлакатларда даволанишни истайди. Бундан ташқари, Алматовнинг Германияга киритилиши Европа Иттифоқининг дунё сиёсатидаги обрўси ва айни қарорига путур етказади. Бу қарор тез муддат ичида қайта кўриб чиқилишига умид қиламан”, - деган эди Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳи мутахассиси Роберт Темплар.
XS
SM
MD
LG