Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:17

Британия қийноқ қўлланишини қоралайди


Ўтган хафта Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей Лондон ҳукумати Ўзбекистонда қийноқ остида олинган ахборотлардан фойдаланганини исботловчи ҳужжатларни жамоатчиликка ошкор қилган эди. Ўша ҳужжатлардан бири Ўзбекистон хавфсизлик ҳизмати юборган маълумотлар қийноқ остида олингани борасида элчи огоҳлантирувидир. Яна бири эса қийноқ остида олинган маълумотлардан разведка ҳизматининг фойдаланиши қонунга зид эмаслиги ҳақида Британия ташқи ишлар вазирлигининг жавобидир. Аммо Лондон расмийси буларни инкор этди.

"Британия қийноқ қўлланишини қоралаб келган ва халқаро ҳамкорлари билан буни таг-томир билан йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда. Лекин бу ерда разведка маълумотларини қўллашдан асосий мақсадимиз Британия фуқаролари ҳаётини сақлаб қолиш эканини тушунишингиз керак. Бундай маълумотни инкор қилиш эса масъулиятсизликдир", - деди Британия ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Ўзининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида ошкора чиқишлари ортидан элчилик лавозимидан озод қилинган Крейг Мюррей қийноқ остида олинган разведка маълумотларидан фойдаланишни халқаро конвенцияларга зид деб билишини ва буни англаган холда Британия ҳукумати улардан фойдаланганини айтган.

"Бу борада ҳужжатлар мавжуд ва мен Ўзбекистонда қийноқлар остида олинган разведка маълумотларидан фойдаланиш халқаро қонунчиликка хилоф деб биламан. Менда нафақат буни тасдиқловчи ҳужжатлар, балки мен махсус Лондонга чақиртириб олинганимни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам бор менда. Ўшанда менга Ташқи ишлар вазирлигидагилар Сен ноҳақсан, қийноқлар остида олинган маълумотлардан фойдаланиш бу халқаро конвенцияларга зид эмас, деб айтишган", - дейди Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей.

Мюррей юқорида айтган маълумотларни яқинда нашр этилиши кутилаётган "Самарқанддаги қотиллик" китобида жамламоқчи. Аввалроқ собиқ элчи, "Озодлик" мухбири билан суҳбатда ушбу китоб АҚШ ва Британия ҳукуматлари сир тутилишини хоҳлаётган, Ўзбекистон раҳбарияти ошкор этилишини истамаётган маълумотларни ўз ичига олади, деб айтган эди.

Айни пайтда Крейг Мюррей бу ҳужжатларни Европа Кенгашига жўнатганини билдирди..

"Мен ҳужжатларни Европа Кенгашига жўнатдим. Умид қиламанки, Кенгаш бу холатни ўрганиб чиқиб ўз хулосасини айтади", - деди Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей.
XS
SM
MD
LG