Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:27

Санжар Умаров иши судга оширилган


Серқуёш Ўзбекистоним коалицияси раиси Санжар Умаров катта миқдордаги маблағни ноқонуний йўллар билан ўзлаштиришда айбланиб октябр ойида хибсга олинган эди. Унинг адвокати Виталий Красиловскийга кўра ҳозирда Умаров иши Тошкент шаҳар судига оширилган. "Лекин суд куни ҳали белгиланмаган. Судя ҳужжатлар билан танишиб бўлгач, суд кунини эълон қилса керак", - деди Красиловский.

Айни пайтда Серқуёш Ўзбекистоним коалициясининг яна бир фаоли Нодира Ҳидоятова ҳам хибсда қолмоқда. У декабр ойида Москвадан қайтаётганида Тошкент аэропортида қамоққа олинган эди. Унга ҳам иқтисодий айбловлар қўйилмоқда. Унинг адвокатлари бу билан боғлиқ тергов материаллари билан таниша олмаганликлари борасида шикоят қилишган.

Адвокатларга кўра, бўлажак маҳкамага судя Исаев раислик қилади. Андижон воқеалари билан боғлиқ қатор ёпиқ маҳкамалар айнан мана шу судя раислигида ўтган эди. "Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси фаоллари устидан маҳкама ҳам ёпиқ ўтказилиши хавфи борлиги айтилмоқда.

Серқуёш коалиция таркибидаги рўйхатга олинмаган «Озод деҳқонлар” партияси бош котиби Нигора Ҳидоятова, коалиция раҳбарлари Санжар Умаров ва синглиси Нодира Ҳидоятоваларнинг ҳибсга олиниши ортида сиёсий сабабларни кўришини ва бундан асосий мақсад мухолифатнинг сиёсий фаолиятини тўхтатиш эканини айтган.

"Синглим ўғри-муттахам эмас. У курашчи ва нима учун курашаётганини яхши билади. Биз бу курашда бари бир ғолиб бўламиз", - дейди Нигора Ҳидоятова.

"Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси расмий Тошкентдан иқтисодий ислоҳотларни ўтказишни талаб қилиб келади. Ҳибсга олинишидан илгари Санжар Умаров бу борада Ўзбекистон парламентига мурожаат билан чиққанди. Нодира Ҳидоятова эса қамоққа олинишидан олдин Москвага борган ва бундан кўзлаган мақсади - "Россия жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистондаги вазиятга қаратиш" эканини айтганди.
XS
SM
MD
LG