Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:37

Тўрт хотинли ҳоким ишдан олинди


Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов тугаб бораётган ҳафта бошида Москва сафаридан қайтдию кейинги йилларда одатга айланиб қолган ишини давом эттирди: коррупцияга аралашган амалдорларни аниқлаб, жазолади.

Туркманбоши Вазирлар маҳкамасининг 25 январь кунги мажлисида 5 соат давомида нутқ ирод этди.

Нутқи давомида Қишлоқ хўжалик вазири, Тошховуз вилояти ҳокими ва бошқа бир қатор амалдорлар ишдан олинди.

Одатдагидай, Сапармурод Ниёзов амалдорларни нима учун айнан шу бугун алмаштиришга қарор қилганини ҳеч кимга тушунтириб ўтиргани йўқ. Қишлоқ хўжалиги вазири Бегинч Отамуродовга қарата Туркманбоши бундай деди:

- Қишлоқ хўжалиги вазири, Бегинч, сен узоқ вақтдан бери ишлаяпсан, Мен сени раис муовини қилиб тайинладим. Нима учун яхшироқ ишламайсан? Сен бирон марта ҳам президентнинг олдига келиб, масала ечганингни, маслаҳат қилганингни билмайман. Мен сени вазирлик лавозимидан оламан. Сен буғдойни қиммат сотиб пул ишладинг.

Туркманистонда Қишлоқ хўжалиги вазири бўлиш ҳар доим ҳам қийин бўлган. Ниёзов ҳар йили буғдой бўйича ҳам, пахта бўйича ҳам режа белгилаб қўяди.

Ва ҳар йили вазирдан рекорд ҳосил етиштириш талаб қилинади. Бироқ мундоқ ўйлаб қаралса, ҳозир ҳосил йиғиштириладиган ёки у экиладиган, етиштириладиган мавсум эмас. Шунинг учун нимага айнан шу бугун қишлоқ хўжалик вазири жазоланганини тушуниш қийин.

Тошховуз вилояти ҳокими Какамурот Аннагилижевни президент анча қаттиқ койиди. Уни назарда тутиб, президент мана бу гапларни айтди:

- Риcоладагидай ишлайман, барча муаммоларни ечаман, деб онт ичувди. Бироқ қисқа вақт ичида у ташкилотлар раҳбарларини ишдан олиб, уларнинг ўрнига ўзининг одамларини қўйди, пора олди, коррупцияга ботиб қолди. Ўзи хотинбоз. Унинг жиноятлари ишга тайинланганидан кейин эмас, анча олдин бошланган. Ўз вақтида етарлича текширув ўтказмаган эканмиз.

Президентнинг маълум қилишича, Тошховуз вилояти ҳокимининг 4 хотини, 20 та автомашинаси, 275 та қўйи, 55 та сигири бор. Давлатнинг қарийб икки ярим миллион доллар пулини ўзлаштириб олган. Ниёзовнинг айтишича, Какамурот Аннагилижевга нисбатан айблов хулосаси тайёр.

Шимолий Каролина университети профессори, Туркманистон бўйича мутахассис Стивен Саболнинг фикрича, юқори лавозимли амалдорларни бу тахлит ишдан олиб, ишга қўйиш Сапармурод Ниёзов бошқаруви учун одатий ҳолдир.

- Ниёзовнинг бошқарув усулида бу ҳолат бир неча йилдан бери давом этиб келаяпти. Вазирлар ва бошқа амалдорларнинг лавозимда узоқроқ қолиш эҳтимоли нолга тенг, - дейди туркманистоншунос.

Стивен Саболнинг фикрича, Ниёзовнинг Москва сафари билан ҳукумат таркибида амалга оширган ўзгаришлари орасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ.

Какамурот Аннагилижевнинг ўрнига бир вақтлар Туркманбошининг тан соқчиси бўлган Оғаниёз Акиев тайинланди. Ўтган йилнинг августида у Бош вазирнинг МДҲ ишлари бўйича ўринбосарлигига тайинланган эди.

Туркманистон раҳбари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошховуз вилояти ҳокимлиги раҳбарларидан ташқари Таълим вазирлиги, Давлат Божхона қўмитаси ҳамда Давлат балиқчилик қўмитаси етакчиларини алмаштирди.
XS
SM
MD
LG