Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:43

Афғонистон-Покистон чегарасида ўзбекистонликлар кимлардан бекинмоқда?


Шимолий Вазиристон расмийлари Покистон билан Афғонистон ўртасидаги чегара ҳудудида жанггарилар гуруҳига аъзоликда гумон қилинган икки ўзбекистонлик 14 феврал куни кечқурун қўлга олинганини тасдиқлади.

Бану минтақасидан мамлакат жануби-шарқида жойлашган Хўст минтақасига кетаётган икки нафар ўзбекистонлик Ҳожури назорат масканида ҳибсга олинди.

Хабарни тасдиқлаган маҳаллий расмийлардан бири Наим Масъуд Афғонистон ахборот агентликларидан бирига айтишича, қўлга олинганлар афғон кийимида бўлиб, улардан бири ўзини Маҳмуд, бошқаси эса Аҳмад Жаббор деб таништирган, аммо улар асли Ўзбекистондан бўлиб чиқди.

Пешовардаги Покистон махсус хизматининг мулозимларидан бири эса, ҳибсга олинганлар Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзолари бўлганини маълум қилди.

2001 йили АҚШ бошчилигидаги ҳарбий амалиётлар бошланганидан буён Шимолий Вазиристон вилоятида кўплаб Ўзбекистон исломий харакатининг собиқ аъзолари қўлга олингани маълум.

Сўнгги йилларда Покистон қўролли кучлари Шимолий Вазиристон минтақасида қатор ҳарбий амалиётларни уюштиришга муваффақ бўлди. Покистон мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2003 йил охиридан буён озод қабилалар яшайдиган ушбу ярим мухтор минтақалардаги ҳарбий амалиётларда юзлаб Ал-Қаида аъзолари ўлдирилган, жанглар оқибатида 250дан зиёд Покистон аскарлари ҳам ҳалок бўлган.

Покистондаги озод қабилаларининг ҳимоясида бўлган кўплаб ЎИҲнинг собиқ аъзолари Покистон қуролли кучлари томонидан ўтказилган ҳарбий амалиётлари ҳамда алоҳида текширувлар натижасида қўлга туширилгани айтилади.

Аммо покистонлик журналист Раҳимулло Юсуфзайнинг айтишича, ҳибсга олинган ўзбекистонликларнинг аниқ сони маълум эмас.

Юсуфзай: “Бизда аниқ рақамлар йуқ. Чунки бу одамларни ушлаш буйича ўтказиладиган амалиётлар ва уларнинг натижалари маҳфий саналади. Ҳибсга олинганлар Исломободга олиб кетилади ва ўша ерда сўроқ қилинади. Биздаги ахборотга кўра, ўзбекистонликларнинг айримлари Ўзбекистонга, айримлари Америка кучларига топширилган.”

Хабарларга кўра, АҚШ бошчилигидаги аксил террорчи кучларнинг қақшатқич зарбалари натижасида Ўзбекистон исломий ҳаракати салмоқли талофот кўрган.

2001 йилда ҳаракатнинг ҳарбий етакчиси Жума Намангоний ўлдирилгани, 2004 йил март ойида эса, Покистон ҳарбий кучларининг Вазиристондаги кенг кўламли ҳарбий амалиёти натижасида ЎИҲнинг сиёсий етакчиси Тоҳир Йулдош яралангани аммо қочиб кетишга муваффақ бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Исломободдаги Сиёсий тадқиқотлар институти Марказий Осиё буйича таҳлилчиси Асма Шакир Ҳаваянинг фикрича, Покистонда қолган ЎИҲ аъзоларини ҳибсга олиш бугунги кунда қийинлашган.

Ҳавая: “Покистон ҳарбий кучлари, АҚШ разведкасининг ёрдами билан,озод қабилалар жойлашган ҳудудларда ҳарбий амалиётлар ўтказганда, ўнлаб ўзбекистонликларни ҳибсга олган эди. Улар орасида эркаклар, аёллар ва болалар ҳам бўлгани маълум. Бугунги кунда ушбу ҳудудлар асосан, Покистон ҳарбий кучлари томонидан назорат қилинишига қарамасдан, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоларини маҳаллий аҳолидан ажратиб олиш мушкул. Улар маҳаллий аҳоли билан аралашиб яшайди. Уларнинг барчаси оилали, бола-чақали одамлар.”

Асма Шакир Ҳаваянинг ишонишича, бугунги кунда ЎИҲнинг собиқ аъзолари Афғонистон - Покистон чегараси буйлаб чўзилган Фата минтақасида яширинмоқда. Покистон буйлаб ҳаракатланиш эса улар учун анча хавфли, дейди у.

Покистонда қўлга олинган ўзбекистонликларнинг аниқ сони, уларнинг неча нафари Ўзбекистон махсус хизматига ва неча нафари АҚШ кучларига топширилгани маълум эмас.

2004 йилда Покистон президенти Парвез Мушаррафнинг Ўзбекистонга сафаридан аввал, Покистонда ҳибсга олинган бир неча одам Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди. Президент Каримов ўшанда Покистонлик ҳамкасбини “ишласа бўладиган одам” - дея мақтаган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг мулозимларидан бири Покистонда ушланганларни Ўзбекистонга қайтариш жараёни давомий характерга эга эканини билдирди.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзоси, деб гумон қилиниб, Ўзбекистон куч тизимларига топшириладиганларнинг барчаси Ўзбекистонда узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинади.

Баланд тоғлардан иборат Афғонистон - Покистон чегара ҳудудларида қидирилаётган Ал-Қаида жангарилари ва уларнинг раҳбари Бин Ладин, Толибон ҳаракатининг аъзолари қаторида, Америка томонидан террорчи ташкилотлар руйҳатига киритилган Ўзбекистон исломий ҳаракати (ЎИҲ) нинг собиқ аъзолари ҳам бор.

Мазкур минтақада АҚШ бошчилидаги минглаб ҳарбийлар террорчиларни қидираётган бир вақтда, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳатто ўтмишдаги аъзолари учун, ватанга қайтиш бундан-да хавфлироқ бўлиши мумкин. Улар оилалари билан доимий ҳавотирда яшашга мажбур бўлаётганини тахмин қилиш мушкул эмас

Ўзбекистонда Исломий давлат ўрнатишни мақсад қилган ЎИҲнинг кўплаб жангчилари ўлдирилгани ёки қамоққа олинганига қарамасдан, айримларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан сиёсий қочқин мақоми ҳам берилди.
XS
SM
MD
LG