Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:29

Ўзбекистон президенти Жаҳон банкини айблайди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Жаҳон банкининг мазкур мамлакатга янги кредитлар бермаслик тўғрисидаги қарорига муносабат билдириб, банкни нохолисликда айблади.

И.Каримов банкнинг Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятга доир даъволари асоссизлигини таъкидлаб, бу унинг ҳукуматига қаратилган ахборот хуружи эканини айтди.

“Нима қилиш, ким билан дўст бўлиш, келажагимизни қандай қуришни ўзимиз биламиз, буни бизга ўргатманг”, - деди Ўзбекистон президенти.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Жаҳон банки Ўзбекистонга янги кредитлар ажратмасликка қарор қилган ва ушбу қарор Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича янги стратегиянинг бир қисми эканини айтганди.

Жаҳон банки Ўзбекистон билан ҳамкорлик стратегияси доирасида ишлаб келаётган эди. Эндиги стратегия яқин икки-уч йил ичида Ўзбекистондаги бирор бир лойиҳага маблағ ажратмасликни назарда тутади. Жаҳон банки Ўзбекистонга ажратилаётган маблағлар чиндан ҳам белгиланган мақсадда сарфланаётгани ва кўзланган йўналишда аниқ самара бериши шубҳа остида бўлгани учун шундай қарорга келган.

Банк вакили Ник ван Праг Ўзбекистон раҳбарининг ушбу қарор юзасидан баёнотига муносабат билдирар экан, қарор, асосан, Ўзбекистондаги ҳозирги иқтисодий вазият билан боғлиқ эканини таъкидлади.

“Ҳозирча президент баёноти билан танишиб чиққанимча йўқ. Лекин, шуни айтишим керак, Ўзбекистонга кредитларни тўхтатиш қароримиз, аввало, у ердаги иқтисодий вазият билан боғлиқ. Факт шуки, у ердаги ҳолат бизни қониқтирадиган даражада эмас. Маблағ ажратганимиз билан биз хоҳлагандай ўзгариш рўй беради, деб ўйламаймиз", - деди Жаҳон банки вакили.

Жаҳон банки Ўзбекистондаги лойиҳаларга 1994 йилдан буён 600 миллион АҚШ доллари атрофида маблағ ажратган. Охирги йилларда эса Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар олиб борилмаётгани ва иқтисод устидан ҳукуматнинг кучли назорати сақланаётгани кўплаб танқидларга сабаб бўлди.

“Биз Ўзбекистонда 1992 йилдан буён, яъни салкам 15 йилдан бери ишлаяпмиз. Мақсадимиз у ерда қашшоқликни камайтириш эди. Бу борада қандайдир ўсишни ҳис этдик. Ўзбекистоннинг айрим макроиқтисодий кўрсаткичлари яхши. Лекин умумий вазият биз хоҳлаётгандек эмас”, - деди Ник ван Праг.

Аввалроқ Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳам нафақат иқтисодий, балки инсон ҳуқуқлари вазияти туфайли Ўзбекистонга бераётган маблағларини тўхтатишга қарор қилган эди. Андижондаги қонли воқеалардан сўнг эса Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни истамаган молиявий тузилмалар сони янада кўпайди. Аммо Жаҳон банки вакилининг сўзларига кўра, қарор, асосан, Андижон воқеалари билан боғлиқ эмас.

“Бизнинг қароримиз, асосан, иқтисодий ва ижтимоий вазият билан боғлиқ. Албатта, Андижондаги қонли воқеалар жаҳон ҳамжамиятини ларзага солди ва бундан бизнинг ҳам хабаримиз бор. Лекин фақат шу ҳодиса боис биз бу қарорга келганимиз йўқ”, - деди Ник ван Праг.
XS
SM
MD
LG