Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:43

HRW: “Каримов ҳам Европанинг исталмаган шахслар рўйхатига киритилсин”


“Ҳьюман райтс уотч” (HRW) ташкилоти Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларига мактуб йўллаб, Ўзбекистонга нисбатан босимларни кучайтиришни сўради.

ЕИ ташқи ишлар вазирларининг апрель ойида Женевада бўладиган учрашуви олдидан жўнатилган айни мактубда HRW ижроия директори Ҳоли Картнер ҳамда ЕИ бўйича директори Лотте Лайт Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан сўнг инсон ҳуқуқлари вазияти мудҳиш даражага етганини айтиб, ташкилотни қўшимча чоралар кўриш орқали Ислом Каримов ҳукуматига босим ўтказишга чақирган.

“Ўтган йилнинг куз ойларида Европа Иттифоқи Андижон воқеалари бўйича терговдан бош тортиб келаётган Ўзбекистонга нисбатан бир қанча санкциялар жорий этди. Биз ҳозир мана шу санкциялар кучайтирилиши, жумладан, Европа давлатларига кириши маън этилган ўзбек расмийлари рўйхатининг кенгайтирилишини талаб этяпмиз”, - деди HRW вакиласи Рейчал Денбер.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йил ноябрь ойида Европа Иттифоқи Андижон воқеаларига алоқадорликда гумон қилинган 12 нафар ўзбек амалдорига нисбатан виза тақиқи жорий этган, аммо бу рўйхатга Ўзбекистон раҳбари номини киритмаган эди. Эндиликда HRW Европа Иттифоқидан ушбу рўйхатга Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Бош прокурори Рашид Қодиров, адлия вазири Бўритош Мустафоев ҳамда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши устида турган бошқа расмийларнинг ҳам номларини киритишни сўрамоқда.

HRW Андижон қирғини Ислом Каримов розилигисиз бўлмасди, деган фикрда.

“У Андижон воқеалари бўйича халқаро терговдан бош тортмоқда ва ҳукуматнинг бошлиғи сифатида унинг ўзи жавобгардир”, - деди HRW вакиласи Рейчал Денбер.

Бош прокурор Рашид Қодировнинг бу рўйхатга киритилиши талаби Ўзбекистондаги HRW “театрлаштирилган томоша” деб атаган суд жараёнлари билан боғлиқ.

Ташкилот Европа Иттифоқини Ўзбекистон ҳукуматини қатағонлардан тўхтатишда ҳар бир имкониятдан фойдаланишга чақирган.

Рейчал Денбернинг айтишича, Европа Иттифоқи Ўзбекистонга санкциялар жорий этгандан бери у ерда инсон ҳуқуқлари борасида яхшиланиш кузатилмади. Бу борада нимаики ўзгариш бўлган бўлса, фақат ёмон томонга бўлди. Фарғоналик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳамда “Серқуёш Ўзбекистоним” коалициясининг икки етакчиси узоқ муддатга қамоқ жазосига тортилиши Ўзбекистонда вазият нақадар аянчли эканини кўрсатди.

“Европа Иттифоқи ушбу қамоққа олишларни қоралаб чиққан. HRW Европа Иттифоқини нафақат баёнотлар, балки амалий чоралар билан Ўзбекистонга босим ўтказишга чақиради”, - деди Р.Денбер.
XS
SM
MD
LG