Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:34

Санжар Умаров 50 ёшини қаршиламоқда


“Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси раҳбари Санжар Умаров 7 апрель куни 50 ёшга тўлади. Тошкент шаҳри суди қарори билан 6 март куни 10 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган С.Умаров бу санани қамоқда кутиб олади.

С.Умаровнинг адвокати Виталий Красиловский сўзларига кўра, ҳукм чиқарилгандан буён суд расмийлари коалиция етакчисининг ўз ҳимоячиси билан учрашувига рухсат бермаяпти.

“28 мартдан буён шу пайтгача учрашув учун рухсат ололмаяпман. Негалигини ҳеч ким тушунтирмаяпти. Мутасаддиларнинг “эртага келинги” сира тугамаяпти. Охирги сафар 6 апрель куни соат 9:30 келишим айтилганди. Борганимда эса эртага албатта рухсат берилиши айтилди. 7 апрель куни аппеляция суди С.Умаров ишини кўриб чиқиши керак”, - деди В.Красиловский.

Айни пайтда С.Умаровнинг оиласи АҚШда яшамоқда. Унинг рафиқаси Индира Умарованинг айтишича, суд тугагандан буён эридан ҳеч қандай хабар йўқ.

“Адвокати у билан учрашишга, жисмоний ва руҳий аҳволи қандайлигини билишга ҳаракат қиляпти. Бироқ бунга турли тўсиқлар қўйиляпти. Суд тугаганига бир ой бўлай деяпти. Бир одамни шунча йилга қамаб, ушлаб туришган бўлса-ю, унинг адвокати билан учрашишга ҳуқуқи бўлмаса”, - дейди И.Умарова.

С.Умаровнинг тўнғич фарзанди Ғулом Умаров отасининг адолатсиз қамоққа олингани ва бу Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг қанчалар топталаëтганини яна бир бор яққол намойиш этишини таъкидлади.

“Бизнинг, хусусан, коалициянинг мақсади отамга ва шу билан бирга, Ўзбекистоннинг аксарият фуқароларига нисбатан адолатсизлик бўлаëтганини исбот қилишдир. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига умуман риоя қилинмайди. Биз буни ҳужжатлар асосида исботламоқчимиз. Ўзбекистонда қонун доирасида ҳеч нима қилиб бўлмайди, қонунлар ишламайди. Коалициянинг мақсади қонунни қандай қилиб бўлса-да, ишга туширишдир”, - деди Ғ.Умаров.

Оила аъзолари 7 апрель куни Санжар Умаров 50 ёшга тўлишини маълум қилди ва “Озодлик” радиоси орқали ўз табрикларини йўллади.

“Бу санани жуда кутган эдик, тайёргарлик қилаётгандик. Бироқ тақдир бизни жисмонан айирди. Аммо руҳан биз доим биргамиз. Мен уларга тақдир синовларига ғурур билан бардош беришларини тилардим. Чунки таянадиган оилалари бор. Фарзандлари уни жуда ҳам яхши кўради, яқин кунларда кўришишни орзиқиб кутиб қолади. Оиласи бошни мағрур кўтариб, отасининг ишлари учун қаддини тик тутиб юриши мумкин. Бунинг учун уларга катта раҳмат”, - деди И.Умарова.

“Мен дадамга ҳеч нимадан афсусланманг, деб айтмоқчиман. Нима қилган бўлсалар, ҳаммаси тўғри. Буни ҳамма тушунади. Мен ҳозирги пайтда дадамга фақат кучли соғлиқ тилайман”, - дея табрикка қўшилди С.Умаровнинг яна бир ўғли Арслон.

Тошкент шаҳри суди С.Умаровни оғир иқтисодий жиноятлар, хусусан, ноқонуний топилган пулни қонунийлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш каби қилмишларда айбдор топган. Тарафдорлари эса С.Умаров сиёсий фаолияти туфайли шундай жазога йўлиққанини айтяпти.
XS
SM
MD
LG