Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:46

Хитойдан қочиб, ўзбекка тутилган уйғур


Асли хитойлик Канада фуқароси Ҳусайн Жалилнинг Ўзбекистонда ҳибсга олиниб, Хитойга топширилиш хавфи остида қолаётганини Канада Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлади.

Ҳусайн Жалил 26 мартдан буён Тошкент шаҳрида ҳибсда сақланмоқда.

Халқаро уйғур жамоатчилиги Ҳ.Жалилнинг Хитойга топширилишидан, Пекин маъмурлари эса уни миллатчи экстремистликда айблаб, қатл этишидан хавотир билдиряпти.

Бош қароргоҳи Нюрнберг шаҳрида жойлашган Шарқий Туркистон ахборот маркази матбуот котиби Дилшод Рашид “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ҳусайн Жалилнинг қўлга олингани тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши биланоқ ёрдам сўраб Канада расмийларига мурожаат этилганини маълум қилди.

Ҳусайн Жалилни шахсан таниган Канада фуқароси Усмоннинг айтишича, у Хитойда яшаган чоғида маҳаллий масжидлардан бирида имомлик қилган.
Ҳусайн Жалилнинг турмуш ўртоғи ўзбекистонлик бўлиб, у хотининикига меҳмон бўлиб борган эди.

Шарқий Туркистон ахборот маркази барча сиёсий ва дипломатик воситалардан фойдаланиб, Ҳусайн Жалилни озодликка чиқариш, унинг Хитойга топширилиши, демакки қатл этилишининг олдини олиш ҳаракатида.

“Уйғурлар ва ўзбеклар номлари бошқа бўлиб қолган икки ёрти бир бутун миллат, қариндош миллатлардир”, - дейди Дилшод Рашид. “Шундай экан, Ўзбекистоннинг бир миллатпарвар уйғурни Хитойга тутиб бериши мумкинлиги ақлимизга сиғмаяпти”.

Тошкентда ҳибсда сақланаётган, Хитойга экстрадиция қилиниш хавфи остида яшаётган Ҳусайн Жалилнинг тақдири нима бўлиши ҳозиргача номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG