Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:06

Ўнгу сўл ўйинида сарҳисоб қилинди


Италия парламентига ўтказилган сайлов натижаларига кўра, унда сўл марказчилар ғалаба қозонди. Уларнинг ўнг марказчи кучлардан устунлиги бор-йўғи 0,1 фоиз билан ўлчанади. Яъни сўлчилар 49,8, ўнгчилар 49,7 фоиз овоз олди.

Сешанба куни Еврокомиссиянинг собиқ раиси, сўл марказчи кучлар етакчиси Романо Проди тарафдорларининг сайловда ғалаба қозонганини эълон қилди.

“Биз ғалаба қилдик ва энди биргаликда ишлашимиз керак. Италияни, биз учун овоз бермаганларни ҳам олға олиб борамиз. Биз мамлакатни бирлаштиришимиз лозим”, - сўлчилар лидери.

Р.Проди етакчилигида сайловга кирган католиклар, социал-демократлар, коммунистлар, яшиллардан иборат сўлчи кучлар коалицияси Италия парламенти вакиллар палатасидаги жойларнинг 55 фоизини оладиган бўлди. Шуниси қизиқки, Р.Проди тарафдорлари Берлускони етакчилигидаги кучлардан бор-йўғи 25 минг овоз фарқи билан ғалаба қозонди.

Шундай қилиб, парламентдаги 630 депутатлик ўрнининг 340 тасига сўл марказчилар ўтирадиган бўлди.

Ҳозирча Сильвио Берлускони сайлов якунлари юзасидан ҳеч нарса дегани йўқ. Бироқ унинг сафдошлари яроқсиз топилган 500 минг бюллетенни қайта текшириб чиқиш кераклигини айтмоқда.

“Менимча, овозларни қайта текшириб чиқиш умумий манфаатимизга хизмат қилади. Бу иш, энг аввало, ўзимизга, овоз беришга чиққан кўплаб италияликларга керак”,- деди С.Берлускони ҳукумати аъзоси Энрико Ла Ложжия.

Айни пайтда бош вазир С.Берлускони етакчилигидаги кучлар Сенат учун берилган овозлар натижаларига умид қилиб турибди.

Ҳукумат тузиш учун у ёки бу куч парламентнинг иккала палатасида ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритиши керак бўлади.

Ёши 69 га чиққан медиамагнат Сильвио Берлускони Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён Италия ҳукуматини энг узоқ муддат бошқарган арбобдир. У ўзининг “Форца Италия” партияси, собиқ неофашистик Миллий иттифоқ ва шунга ўхшаш бошқа ўнг кучлар билан биргаликда яна бир марта ҳукумат тепасига келишни мўлжаллаётганди.

С.Берлускони ҳукумат бошида турган йилларда Италия иқтисодиёти ривожланиб кетди, деб бўлмайди.

Бироқ Римдаги Халқаро алоқалар институти таҳлилчиси Жан-Пьер Дарниснинг айтишича, Берлусконини марказий ҳокимиятдан кўпроқ мустақил бўлишга интилаётган кичик тадбиркорлар қўллаб-қувватлади.

“Берлускони ҳукумат раиси сифатидаги биринчи муддатида кўп ваъдаларининг устидан чиқа олмаган бўлса-да, кўпчилик яна унга овоз берди. Чунки улар солиқларни камайтирувчи, ташаббус учун, тадбиркорлик учун кўпроқ имкониятлар берувчи ҳукумат тарафдоридир”, - дейди таҳлилчи.

Р.Проди ҳам даромад солиғини камайтиришга, иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди. Бироқ, таҳлилчилар фикрича, Проди ҳар қанча ҳаракат қилмасин, коммунист иттифоқчилари унинг “қўл-оёғини боғлаб қўйиши” мумкин.
XS
SM
MD
LG