Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:15

Ҳибсга олинганлар Обидхон қорининг тарафдори эканликда айбланмоқда


Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мусулмонларни қамоққа олишнинг янги кампаниясини бошлаган ва кейинги кунлар ичида биргина Тошкентда ўнлаб оддий мусулмон ҳибсга олинган.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Андреа Бергнинг сўзларига қараганда, бу қамашлар икки ҳафтача олдин, 28-31 март кунлари амалга оширилган. Ҳибсга олинганларнинг 7 таси ваҳҳобийликда, 11 таси “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбланмоқда.

“Бир манбанинг билдиришича, биринчи тўлқинда 10 киши, иккинчисида 12 киши ҳибсга олинган. Мен айрим қамалганларнинг оила аъзолари билан учрашдим ва аниқ рақамларга эга бўлишга уриняпман. Аммо ҳозирча бу қийин. Ишончли манба камида 18 одам ҳибсга олинганини айтяпти. Улардан айримлари бир маҳаллада яшаган ва қўшни бўлган. Масалан, қамалганлардан бирининг мен суҳбатлашган қариндоши исм-фамилиясига қараб, уч йигитнинг қўшни эканини тасдиқлади. Улар орасида талаба ҳам, дўкончи ва қоровул ҳам бор”, - деди А.Берг.

Унинг айтишича, ҳозирча ҳибсга олинганларга қўйилган расмий айбловни кўргани йўқ. Аммо уларга нисбатан жиноят иши очилганидан хабари бор. Ҳозирча уларнинг барчаси Обидхон қори Назаров тарафдори эканликда айбланмоқда.

Андреа Берг бу кишиларни ҳибсга олишда Ўзбекистон жиноят-процессуал нормалари қўпол равишда бузилганини таъкидлади.

“Қамалганларнинг қариндош-уруғларидан эшитишимча, оддий кийимдаги 2-3 киши одам кечки соат 7-8 ларда эшикни жиринглатиб, ўзининг Статистика қўмитаси ëки ЖЭКдан эканини айтган. Улар сўралган одам эшик олдида кўриниши билан унинг қўлига кишан солиб олиб кетган. Баъзилар кўчада ушланган, бошқалари эса деразасидан кимдир отини айтиб чақиргач, жавоб бериш учун пастга тушиши билан машинага босиб олиб кетилган. Оила аъзолари уларнинг ким томондан, қаерга, нима учун олиб кетилганини билгунча қарийб бир ҳафта вақт ўтган”, - дейди А.Берг.

ҲРУ вакиласининг таъкидлашича, Ўзбекистонда мусулмонларни қамоққа олиш кучайди, дейиш тўғри эмас. Зотан, мусулмонларни қамаш бу ерда сира тўхтаган эмас, бу жараëн тўхтовсиз давом этиб келаëтир.

“Биргина фарқ, кейинги қамоққа олишлар ҳақида кўпроқ маълумотга эгамиз, холос. Обидхон қорининг Қозоғистондаги 9 тарафдори Ўзбекистонга олиб келиниб, тергов қилинмоқда, иккитаси устидан суд ҳам бошланди. Менимча, ана шу воқеа сувга тош отган каби янги ва янги доира яратмоқда. Ҳибсдаги ҳар бир мусулмон билан боғлиқ равишда янги ва янги одамлар қамоққа олинмоқда”, - деди А.Берг.
XS
SM
MD
LG