Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:10

Ўзбекистондаги ишсизлик


Европа Комиссиясининг Ўзбекистондаги вакиллик идораси бўлими раҳбари Манфред Зиверс Ўзбекистонда ишсизлар сони аҳолининг 35 фоизини ташкил этишни кўрсатувчи маълумотга эга.

Бу ҳақда М.Зиверс Тошкентда бўлиб ўтган анжуманлардан бирида маълум қилди.

АҚШ Давлат департаментининг дунёда инсон ҳуқуқларига оид 2005 йилги йиллик ҳисоботининг Ўзбекистон қисмида мазкур мамлакатда ишсизлик ортиб бораётгани ва коррупция иқтисодиётга салбий таъсир қилаëтгани ëзилган эди.

Аммо ушбу ҳисоботда аҳолининг неча фоизи ишсиз экани ҳақида аниқ рақамлар берилмаган эди.

Кузатувчилар Ўзбекистонда ишсизлар сонли турли манбаларда турлича келтирилиши, бироқ унинг йилдан-йилга ортиб бораëтгани ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслигини айтади.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда ишсизлик ўта юқори даражада эканини тан олаётгани йўқ.

“Биринчидан, мен Ўзбекистон аҳолиси орасида ишсизлар сони 35 фоизни ташкил этиши тўғрисидаги маълумотга қўшилмайман. Чунки бизда даромад манбаини, ишини йўқотган кишилар ишсиз ҳисобланади. Бироқ меҳнатга лаёқатли бўлиб, бизга иш сўраб мурожаат қилганларни биз ишсиз, деб биламиз ва уларга нафақа тўлаймиз. Яна бир тоифа одамлар эса бизга мурожаат ҳам қилмайди ва иш билан банд ҳам эмас. Уларни биз банд бўлмаган аҳли тоифасига киритамиз. Уларнинг ўзи мустақил равишда иш ва даромад ахтаради. Уларнинг сони 320 минг кишини ташкил этади. Шундай қилиб, биз расмий маълумот бўйича республикадаги ишсизлар сони уч ярим фоизни ташкил этади, деб биламиз”, - деди Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтмоий муҳофаза қилиш вазирлигининг демография, меҳнат бозори ва аҳолини иш билан таъминлаш бошқармаси бўлими бошлиғи Сойибжон Алиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий кузатувчи Алишер Таксанов Сойибжон Алиев келтирган рақамларнинг ҳаддан ташқари камайтирилганини таъкидлади.

“Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистондан ташқарида 1,5 миллионга яқин ўзбекистонлик бор ва улар ҳамда оиласи қозони айнан хориждаги иш ҳисобига қайнамоқда. Ўзбекистон ичкарисидаги аҳоли эса иш жойининг етишмаслигидан азият чекаётир. Йирик корхоналар ëпилмоқда. Кичик ва ўрта бизнес эса давлат босими остида. Шунингдек, кўпчиликнинг фақатгина мавсумий ишда меҳнат қилишини ҳам инобатга оладиган бўлсак, бу муаммонинг ҳақиқий кўлами намаён бўлади”, - деди Алишер Таксанов.

Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетганларнинг аксарияти билан улар ўз уйларини тарк этишга иш йўқлиги ва ойлик маошнинг камлиги сабаб бўлганини айтади.

“Ўғлим армиядан қайтди. Уни уйлантириш, уйдагиларни боқиш мақсадида Россияга келган эдим. Бу ерда ҳам тоза қийналиб, иш топиб, озми-кўпми пул қиляпмиз”, - дейди иш излаб юртини тарк этганлардан бири.

Агар Тошкент расмийлари айтаëтган каби ишсизлар 26 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда 3,5 фоизни ташкил этса, унда мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунëнинг ривожланган давлатларидан ҳам олдинга ўтиб кетган бўлади.

Ишсизлик ҳақидаги расмий ва норасмий рақамлар бир-бирига қанчалик номутаносиб бўлмасин, ушбу муаммонинг борлиги ва унинг долзарблигини ҳеч ким инкор этмайди.
XS
SM
MD
LG