Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:38

Канада ўз фуқароси озод этилишини талаб қиляпти


Канада Тошкент ҳукуматидан Ўзбекистонда ҳибсга олинган фуқароси Ҳусайн Жалилни озод этишни талаб қилмоқда. Асли хитойлик уйғурлардан бўлган Ҳусайн Жалил бир ойча аввал Тошкентда ҳибсга олинган эди.

Канада бош вазири ўринбосари Жейсон Кини Ҳусайн Жалилнинг ҳеч қандай тушунтиришсиз қамоққа олиниши ташвишланарли ҳол экани ва уни зудликда озод этиш учун Канада ҳукумати Ўзбекистонга нисбатан “имкони бор барча дипломатик босим чоралари”ни қўллашини билдирди.

“Халқаро амнистия” ташкилотининг Канададаги вакиласи Бет Бертон-Ҳантер хоним сўзларига кўра, Жейсон Кини шахсан бу ишга аралашган ва у Канада бош вазири номидан иш олиб боради.

Айни пайтда Канаданинг Москвадаги элчихонаси ҳам (Канада Ўзбекистонда элчихонага эга эмас) бу масала билан машғул. Элчихона уч ҳафта олдин ўз расмийларини Тошкентга жўнатган.

Элчихона вакили Бет Ричардсон “Озодлик” радиосига Ҳусайн Жалил масаласида Ўзбекистон расмийлари билан мулоқот олиб борилганини билдирди, аммо бу ҳақда батафсил маълумот бермади.

Ҳусайн Жалилнинг турмуш ўртоғи Комила Телендиева Ўзбекистоннинг собиқ фуқароси бўлиб, оиласи билан Тошкентга ота-онасини зиёрат қилгани борган. К.Телендиеванинг билдиришича, улар Тошкент шаҳри ИИББ кириш-чиқиш ва рўйхатдан ўтиш бўлимига виза муддатини чўздириш мақсадида борган пайтда эри ҳибсга олинган.

Жалилнинг рафиқаси ўтган жума куни Канадага қайтди. Бунгача у Ўзбекистон ҳукуматига эрини қамоқдан бўшатишни сўраб бир неча бор мурожаат қилган, бироқ натижа бўлмаган. Унга эри билан учрашишга ҳам имкон берилмаган.

Канадага қайтган К.Телендиева эрининг озод этилишига ёрдам сўраб Оттава ҳукуматига очиқ хат билан мурожаат этган.

“Бу очиқ хатда Телендибоева эрининг озод этилишига ёрдам сўраб Канада ҳукуматига мурожаат қилган ва бу масалага бош вазирнинг шахсий аралашувини талаб этган”, - дейди “Халқаро амнистия” ташкилоти вакиласи Бет Бертон-Ҳантер.

Канада фуқароси бўлган Ҳ.Жалил ҳали ҳам ўзбек махсус хизматлари томонидан ушлаб турилибди ва бундан кейинги тақдири мавҳумлигича қолмоқда. Унинг Хитойга топшириб юборилиши борасида хавотирлар мавжуд.

Ҳ.Жалил уни айирмачилик ва терроризмда айблаётган Хитойнинг сўрови асосида қўлга олинган. Ўзбекистон расмий доиралари Ҳусайн Жалил нима сабабдан қўлга олингани ёки унга қандай айблар қўйилаётгани борасида маълумот берганича йўқ.

Дунё уйғурлари қурултойи вакили Дилшод Рашиднинг таъкидлашича, Ҳусайн Жалилнинг Хитой сўрови асосида Ўзбекистонда ҳибсга олиниши икки диктаторлик давлати ҳамкорлиги натижасидир.

“Хитой Ўзбекистонга халқаро босимлар кучайган бир пайтда Каримовни қизил гилам тўшаб кутиб олди. Мана энди Каримов Пекиннинг бу илтифотига жавоб қилмоқда”, - деди Д.Рашид.

Ҳусайн Жалил Хитой ғарбида уйғурларнинг ҳуқуқлари учун курашга кирган сиёсий фаоллардан эди. У Хитой маъмурлари томонидан қўлга олиниб, ўзининг сиёсий қарашлари учун қийноқларга солинган эди. Жалил қамоқдан қочиб, Ўзбекистонга ва кейин Туркияга етиб олган. Охир-оқибатда Канадага етиб бориб, ўша ерда қочқин мақомини олган. Унинг оиласи 2002 йилдан буён Канаданинг Ҳемильтон шаҳрида яшайди. Canadian Press берган маълумотга кўра, Канада фуқаролиги Жалилга уч-тўрт ой олдин берилган.
XS
SM
MD
LG