Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:22

АҚШнинг яна бир ташкилоти нишонга олинди


Ўзбекистон Адлия вазирлиги Американинг Global Involvement Through Education ноҳукумат ташкилотининг мамлакатдаги фаолиятини текширишга киришгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Аввалроқ Самарқанд суди ушбу ташкилотнинг тўрт ходимини ноқонуний миссионерлик билан шуғулланиб, насронийликни тарғиб этиш, мусулмонларни ўз динига оғдиришга ҳаракат қилишда айблаган ва уларнинг ҳар бирига 50 минимал иш ҳақи, яъни 400 АҚШ доллари миқдорида жарима белгилаган эди. Суд жараёни давомида айбловчи томон насронийликни тарғиб этувчи аудио-видео материаллар, адабиётларни ашёвий далил сифатида келтирган. Шунингдек, бу юзадан гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланган.

Ҳозирча Global Involvement Through Education ташкилотидан бу борада ҳеч қандай изоҳ бўлмади. Ташкилотнинг Ўзбекистонда ишловчи ходимларидан бири эса ҳеч қандай текшир-текширлар ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Global Involvement Through Education Ўзбекистонда 2000 йилдан бери ишлаб келмоқда. Бу давр ичида ташкилот мамлакат олий ўқув юртларига чет тилидан дарс беришни такомиллаштириш, талабаларнинг компьютер билимини оширишга қаратилган бир қанча лойиҳаларни амалга оширди.

Global Involvement Through Education ноҳукумат ташкилоти устави бўйича хайрия ҳамда таълим дастурлари билан шуғулланиши керак. Ташкилотнинг Ўзбекистондаги фаолияти бунга қанчалик мос келади?

Адлия вазирлиги вакиллари тегишли идоралар буни аниқлаши кераклигини айтмоқда.

Ўзбекистонда миссионерлик фаолияти қонун йўли билан тақиқланган. Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги “Троица” черкови ҳамда “Иегова гувоҳлари” диний оқими фаолларини ноқонуний равишда йиғинлар уюштириш, диний машғулотлар ўтказишда айблаганди.

“Форум 18” журнали бош муҳаррири Жон Кинахан Ўзбекистоннинг бундай хатти-ҳаракати диний эркинликлар бўйича халқаро қонунчиликка зид эканини билдирди.

“Тинч миссионерлик фаолиятининг тақиқланиши қабул қилиб бўлмас ҳолдир. Чунки Ўзбекистон бу борада қатор халқаро мажбуриятларни зиммасига олган. Ўзбекистонда эса миссионерлик билан шуғулланиш жиноят даражасига кўтарилган”, - деди Жон Кинахан.
XS
SM
MD
LG