Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:58

Андижон сирлари


Андижон воқеалари чоғида қурол ишлатилишини расмий Тошкент террорчилик ҳамласига жавобан амалга оширилган аксилтеррорчилик амалиёти сифатида баҳоламоқда.

Мустақил кузатувчилар, воқеанинг айрим гувоҳлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса Андижондаги воқеага тинч намойишнинг ҳукумат кучлари томонидан қонли бостирилиши ўлароқ қарайди.

Андижон воқеаси нима билан якун топгани аниқ, аммо қирғин борасида очиқ қолаётган асосий саволлар талайгина.

Расмий Тошкент Андижонда 2005 йил 13 май куни “террорчилар билан содир бўлган тўқнашув”да аксари жангари ёки ҳукуматга қарашли куч ишлатар тизимлар ходимларидан 200 га яқин киши ўлганини билдирмоқда.


Аммо ўлдирилган одамлар сони борасида мустақил манбалар аниқ маълумотларни топиш имконсизлигини ҳамда Андижондаги Бобур майдонига йиғилган намойишчилардан камида 500 киши ўлдирилгани тўғрисидаги эҳтимолларни илгари суради.

“Андижонда 12-13 май ва ҳатто ундан кейинроқ олган жароҳатларидан неча одам нобуд бўлгани қоронғу қолаётгани ачинарли ҳолатдир”, - дейди “Ҳьюман райтс уотч”нинг Ўзбекстондаги собиқ вакиласи, айни пайтда ташкилотнинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл.

Андижонда неча одам ўлдирилгани ноаниқ қолаётган бош саволдир. Ярадор бўлганларчи?

Алисон Гиллнинг айтишича, айни пайтда Андижондаги қирғинда жароҳатланганлар борасидаги ахборот ниҳоятда чекланган. Пайдо бўлгани эса “ҳукумат кучларининг ваҳшийликлари”га ишорадир.

“Бизнинг билишимизча, кўпгина одамлар ўлдирилган ва яна кўпчилиги ярадор қилинган. Айрим гувоҳлар сўзларига кўра, 13 май куни кечқурун аскарлар жароҳатланган одамларни ҳам отиб ташлаган. Биз эса жароҳатланганларнинг аксари нима бўлгани борасида маълумотга эга эмасмиз”, - деди А.Гилл.

Буюк Британиядаги қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Ширин Акинер эса Андижонда содир бўлган воқеаларнинг барча тафсилотлари маълум эмаслиги, аммо воқеалар ривожи борасида кўплаб назариялар мавжудлигини таъкидлади.

Андижондаги тартибсизликлардан аввал рўй берган кўп минг кишилик намойишни “Би-Би-Си” мухбири Моника Уитлок кузатган. Унинг сўзларига кўра, Андижондаги намойиш Ўзбекистонда кузатилган барча норозиликлардан ўзининг уюшганлиги билан фарқ қиларди.

“11 май куни соат ўнга қадар суд биноси ташқарисида қарийб 3000 намойишчи йиғилиб улгурган эди. Улар яхши кийинган, нима қилаётганини жуда яхши билгани сезиларди. Намойиш жуда мукаммал режа асосида ташкиллаштирилган эди”, - дейди Моника Уитлок.

“Рейтер” мухбири Шамил Байгин 13 май куни тартибсизликлар бошланган Бобур майдонидаги воқеаларни ўз кўзи билан кўрганлардан биридир.

Унинг айтишича, ҳукуматнинг зиддиятни бостириш амалиёти мутлақо таназзулга юз тутган ва ҳукумат шундан сўнг ўз айбини учинчи бир гуруҳга ағдаришга қарор қилган.

Президент Ислом Каримов Андижон воқеаларини ташкиллаштиришда Ўзбекистонда халифалик ўрнатмоқчи бўлаётган диний ақидапараст кучларни қатъийлик билан айблади. Президент воқеаларни ташкиллаштиришда Ғарб иштирокидан ҳам гумон қилади.

И.Каримов минтақада кузатилган демократик инқилоб ташкилотларини танқид қилиб, Андижонда ҳам уларнинг қўли борлигига ишора қилган эди.

“Дунё бўйлаб бу каби кўплаб операцияларни амалга оширган кучлар Андижондаги исённи махсус штабларда пухта режалаштирган ва маблағ билан таъминланган”, - деган эди Ўзбекистон раҳбари.


27 сентябрь куни Андижондаги тартибсизликларда қатнашганликда гумон қилинганлар устидан ўтказилаётган суд жараёнида судланувчи Таваккалбек Ҳожиев намойишчилар “қўйилган режани амалга ошириш учун АҚШ элчихонасидан маблағ олгани” ҳақида шов-шувли кўрсатма берганди. Аммо у элчихонадан қанча пул олингани ҳақидаги саволга жавоб айта олмаганди.

Т.Ҳожиевнинг бу баёноти Вашингтон томонидан дарҳол рад этилди. АҚШ Давлат департаменти вакили Шон Маккормак Андижондаги ҳодисалар борасида АҚШ мустақил тергов ўтказиш тарафдори ва ушбу фожеада “элчихонанинг иштироки борасидаги даъволарга ҳеч қандай асос йўқ”лигини таъкидлаганди.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ҳам АҚШ элчихонасининг Андижондаги исённи маблағ билан таъминлагани хақиқатдан ниҳоятда йироқ, деб ҳисоблайди.

Минтақада таъсири кучли қолаётган Россиянинг Андижонда содир бўлган воқеаларга дахли борлиги борасида назариялар илгари сурилмади. Бироқ Россия хавфсизлик хизмати Тошкент ҳукуматининг воқеалар борасидаги расмий версиясини шакллантиришга ёрдам бергани айтилади.

31 январь куни Россия президенти Владимир Путин ўзида Андижон воқеанинг тўлиқ тафсилотлари борлигини билдирган эди.

“Андижонда нима содир бўлганини, Ўзбекистондаги вазиятни ёқиб юбормоқчи бўлганлар ким, қаерда ва қандай миқёсда тайёрланганини биламиз. Бизга Марказий Осиёда иккинчи Афғонистон керак эмас”, – деганди В.Путин.

Аммо Андижондаги воқеаларнинг В.Путинга маълум бўлган асл ташкилотлари ким экани бугунги кунда кенг жамоатчиликка қоронғудир.

Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Уруш ва тинчликни ёритиш институти мухбири сифатида Андижондаги воқеаларга гувоҳ бўлган Галима Бухорбоева Андижонда 12 майдан 13 майга ўтар кечаси содир бўлган ҳодисаларни “энг катта жумбоқ” ҳисоблайди.

“Ўша куни кечаси ҳарбий гарнизон ва қамоқхонага ҳужум қилинган эди. Аммо қандай қилиб қаттиқ тартибдаги қамоқхона бу қадар осонлик билан босиб олингани ва у ердаги барча камера эшиклари очилгани ғалати ҳолат. Андижонда ўлдирилган Шарифжон Шокиров ҳам 11 май куни Ўзбекистон хавфсизлик кучларига ишора қилган ҳолда уларнинг олдига қандайдир одамлар келиб зўравонликлар уюштиришга даъват қилганини айтган эди. Ўша куни нима содир бўлди? Ҳақиқатан ҳам қамоқхонага ҳужумни ҳукумат кучларининг ўзи уюштирганми? Бу мен учун катта савол бўлиб қолмоқда”, – дейди Г.Бухорбоева.

Шаҳардаги қамоқхонага уюштирилган ҳужум борасидаги саволларига жавоб топа олмаган фақат Галима Бухорбоева эмас.

Андижондаги қонли воқеалар борасида китоб ёзаётган швециялик журналист Элен Ёнсон ҳам айнан шу саволга келганда боши берк кўчага кирганини айтмоқда.

“Мен учрашган одамлар маҳбусларни ҳукуматга мойил кучлар озод этганини даъво қилади. Бунга ишонмай десам, ўша куни кечаси уларга нима учун эркин қочиш имкони берилган? Уларга ҳеч ким тўсқинлик қилмаган”, - дейди Элен Ёнсон.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Андижондаги ҳарбий гарнизонга, сўнг қамоқхонага қилинган ҳужум, Бобур майдонидаги намойиш борасида кўплаб алоҳида маълумотлар мавжуд. Уларнинг аксари бир-бирига зид, аммо холис мустақил тергов ҳақиқатни фош этишига ёрдам беради. Отиш буйруғини ким ва кимга бергани борасидаги ҳақиқатни ҳам...


Айни пайтда бундай терговни бошлашга фақатгина Ўзбекистон ҳукумати қарши чиқмоқда.

XS
SM
MD
LG