Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:49

Санкциялар Ўзбекистон халқига қарши қаратилмаслиги керак


АҚШдаги Инсон ҳуқуқлари халқаро лигаси Ғарб давлатларининг Ўзбекистонга нисбатан санкциялар жорий этиш чақириқларини қўллаб-қувватловчи баёнот билан чиқди.

Аммо бу ташкилот Тошкент ҳукуматига санкциялар қўллаш баробарида мамлакатдаги оддий фуқароларга ёрдамлар давом этиши кераклигини билдиряпти.

Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий этиш масаласи АҚШ Конгресси муҳокамасига қўйилиш арафасида турибди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро лигасининг МДҲ дастури раҳбари Питер Залмаев конгрессменлар бу борадаги қонун лойиҳасини қабул қилиши эҳтимоли юқори эканини таъкидлади.

“Илгари бу қонун лойиҳаси Конгрессда тасдиғини топмаган эди. Лекин таниқли конгрессменларнинг сўзларидан бу қонун лойиҳаси қабул қилиниши эҳтимоли кўпроқ, дейиш мумкин. Андижон воқеаларидан сўнг Вашингтондагилар диктаторлар, жумладан, Ислом Каримов билан ўйнашиб бўлмаслигини, Ўзбекистонга санкция қўллаш кераклигини тушуниб етган кўринади. Менимча, бу қонун лойиҳаси қабул қилинишига яхши имконият бор”, - деди П.Залмаев.

Шу пайтгача Оқ уй маъмуриятида ҳам, Конгрессда ҳам Ўзбекистон масаласида фикрлар бўлинган эди. Американинг айрим сиёсатчилари демократия ва инсон ҳуқуқларига устивор масала сифатида қараган бўлса, айримлар эса хавфсизликка устиворлик бериб келаётганди.

П.Залмаевнинг таъкидлашича, АҚШ Ўзбекистондаги ҳарбий базасини йўқотганидан кейин хавфсизликни устивор билган сиёсатчилар ҳам аввалги фикридан қайтмоқда. Яъни америкалик сиёсатчиларнинг қарашлари ҳозир анча яқинлашган.

“Ҳозир Ўзбекистонга қарши кескин чора қўллаш фурсати келди. Лекин қайтариб айтаман, бу санкциялар Ўзбекистон халқига қарши қаратилмаслиги керак”, - деди Питер Залмаев.
XS
SM
MD
LG