Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:59

Диққат марказида яна Маҳмуд Худойбердиев


Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятида Туркистон исломий ҳаракатининг юзлаб аъзолари фаолият юритмоқда. Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг умумий йиғилишида шу ҳақда маълум қилинди.

Шунингдек, йиғилишда исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев жангарилари Тожикистондаги сиёсий ва ижтимоий вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилаётгани таъкидланди. Вилоятда “Ҳизб ут-таҳрир” гуруҳи аъзолари ҳам фаоллашгани қайд этилди.

Вилоят прокурори ўринбосари Зокир Назаровнинг айтишича, Туркистон исломий ҳаракати (йиғилишда Ўзбекистон исломий ҳаракати сифатида тилга олинди) аъзоси, Наманган вилоятида туғилган ва Тошкентда портлашлар содир Расул Охунов Сўғд ҳудудида жиноий гуруҳлар тузиб, террорчилик ҳаракатлари олиб борган. У 2005 йилдан буён қидирувда.

“Р.Охунов Тожикистон ҳудудида бир неча қалбаки паспортлар билан фаолият юритган. У бу ҳужжатлари ички ишлар ходимлари кўмагида олган. Р.Охунов бир неча туманларда жиноий гуруҳлар тузиб, унинг аъзоларини қурол билан таъминлаган”, - деди З.Назаров.

Унинг сўзларига кўра, вилоятда “Ҳизб ут-таҳрир” гуруҳига аъзоликда айбланиб, 2005 йилдан буён 97 киши озодликдан маҳрум этилган. Улардан 21 нафари аёллардир.

Йиғилишда сўзга чиққанлар энг катта хавф қўшни давлатдан паноҳ топган Маҳмуд Худойбердиев ва унинг жангарилари эканини таъкидлади.

“М.Худойбердиев террорчиларининг ҳужум қилиш хавфи ҳозир ҳам бор. Айбланувчилар берган кўрсатмалар ва жиноят ишларидаги рад этиб бўлмайдиган далилларга кўра, М.Худойбердиевнинг қўшни республика ҳудудида жойлашган жангарилари жосуслик йўли билан Сўғддаги страгегик аҳамиятга эга барча объектлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлган”, - деди З.Назаров.

Вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси раҳбари генерал-майор Абдулло Назаров ҳам энг катта хавф “Ўзбекистон ҳудудида қарор топган М.Худойбердиевнинг террорчи жиноий гуруҳлари” эканини гапирди. Генерал Туркистон ислом ҳаракати ҳомийлари тўғрисида ҳам маълум қилди.

“Биз Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари, деб айтаётган одамларнинг аксариятига хорижий махсус хизматлар бевосита раҳбарлик қилмоқда, жумладан, қўшни давлат ҳам. Нега? Чунки улар Тожикистон ташқи сиёсатини бадном қилишга уринмоқда. Булар назорат остидаги жиноий гуруҳлардир”, - деди генерал.

А.Назаровнинг билдиришича, МДҲ йиғилишида Тожикистон томони М.Худойбердиевнинг жангарилари Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб ташланишини бир неча бор талаб қилган.

“Бизнинг шартларимиздан бири шу эди. Тожикистон Миллий хавфсизлик вазирлиги, жумладан, вилоят бошқармаси Ўзбекистон ҳудудида М.Худойбердиевнинг 10-11 та базаси борлигини ошкор қилди. Бизда бу базалар, уларнинг таркиби ва қандай жанговар машқлар ўтказаётгани, Ўзбекистон Қуролли кучлари, хавфсизлик хизматлари қандай ёрдам бераётгани акс эттирилган суратлар бор”, - деди А.Назаров.

Унинг қўшимча қилишича, М.Худойбердиевнинг Тожикистонда террорчилик ҳаракатлари ташкил қилиш учун келган 24 жангариси аниқланиб, уларнинг 12 таси қўлга олинган.

Сўғд вилояти прокурори Абдуғаффор Қаландаров вилоятда Туркистон исломий ҳаракатининг 300 га яқин аъзоси яширин фаолият кўрсатаётганини маълум қилиш баробарида М.Худойбердиев жангарилари ва “Ҳизб ут-таҳрир” аъзоларига қарши курашда кучларни бирлаштиришга чақирди.
XS
SM
MD
LG