Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:16

Тожикистондаги “Ўзбекистон жосуслари”


Тожикистонда Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилишда айбланаётган бир неча фуқаро устидан суд жараёнлари ёпиқ тарзда ўтказилди ёки ўтказилмоқда. Яқинда Сўғд вилоятида шундай судлардан бири бўлди.

Сўғд вилояти суди раисининг ўринбосари Амиржон Исҳоқовдан олинган маълумотга кўра, асли Тожикистоннинг Истарафшон шаҳридан бўлган, кейинчалик Ўзбекистон пойтахтининг Қорасув даҳасида истиқомат қилган Иброҳим Йўлдошев жосуслик ва давлат чегарасини ноқонуний бузиб ўтишда айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилган. Судда унинг Ўзбекистон махсус хизматларига ишлагани аниқланган. Судланувчининг ўзи ҳам бу айбларга тўла иқрор бўлган.

Ўз исмини ошкор этмаган суд ходимларидан бирининг айтишича, И.Йўлдошев Тошкентда яшаб туриб, Ўзбекистон МХХ вакилларига Тожикистондаги вазият, масжидлардаги одамларнинг кайфияти, сайловлардаги масалалар ҳақида ахборот бериб турган. У Тожикистон чегарасидан ноқонуний ўтаётганда қўлга олинган.

1 июнь куни Сўғд вилояти судида шунга ўхшаш яна бир жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди.

Суд жараёнларига раислик қилаётган Маҳмуджон Ашуровнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, судланувчи Абдужалил Қодиров 1956 йилда туғилган ва илгари Тожикистоннинг Истарафшон туманида яшаган. Сўнгра Ўзбекистонга кўчиб кетиб, Тошкент шаҳрининг Қорақамиш даҳасида истиқомат қилган. У ҳам жосусликда айбланяпти. Бундай жиноятда айбланган шахслар 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Судья М.Ашуров бу жиноят иши махфий бўлгани, суд жараёни ёпиқ тарзда ўтаётгани учун ортиқча маълумот бера олмаслигини айтди. Шунингдек, судланувчининг адвокати ҳам бу мавзуда интервью бера олмаслигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда илгари ҳам жосусликда айбланиб, Ўзбекистоннинг бир неча фуқароси турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди.
XS
SM
MD
LG