Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:32

Ҳукумат арзон транспорт хизматини ҳам кўп кўрди


Ўзбекистон ҳукуматининг 1 июндан бошлаб кучга кирган қарори шахсий машинасида киракашлик билан шуғулланаётган ҳайдовчиларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлмоқда.

Янги қарор уларнинг юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиб ёки давлат таксамотор парклари билан шартнома тузиб ишлашини белгилайди.

Ўзбекистонда ўз шахсий автомобилида (асосан, “Дамас” русумли машиналарда) киракашлик билан шуғулланаётганлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Улар аҳолига транспорт кўрсатиш соҳасидаги рақобатда давлатга қарашли автобус ва троллейбусларни ортда қолдирган.

Ҳукуматнинг юқорида тилга олинган қарори кучга киргандан сўнг 1 июнь куни Бухорода юзлаб “Дамас” ҳайдовчилари иш ташлади.

Шу пайтгача улар давлатга патент тўлаб, аҳолига хизмат кўрсатаётган эди. Аммо янги қарор талаблари уларни норозиликка ундади.

“Улар нафақат пикет билан, балки йўналишга чиқмаслик билан ҳукуматнинг ушбу қарорига жавоб қилди. Натижада бекатларда жуда кўп йўловчи тўпланиб қолди. Қолаверса, линияга чиққан “Дамас”чиларни милиция тўхтата бошлади”, - дейди Бухородаги вазиятни кузатган маҳаллий журналистлардан бири.

Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятларида, шунингдек, Бухорода ҳам бугунги кунга келиб транспорт муаммоси, асосан, “Дамас” ҳайдовчилари ҳисобидан бутунлай ҳал этилганди. Ҳатто аҳоли шахсий енгил машинасидан ҳам фойдаланмай қўйган эди. Сабаби “Дамас”да юриш анча арзон тушади.

“Бугунги кунда жамоат транспорти хизматининг 80 фоизи хусусий сектор ҳисобига тўғри келади. Чунки мустақилликдан кейин давлат автопарклари касодга учраб бўлди. Энди эса хусусий “Дамас” ҳайдовчилари йўлга қўйган бу хизматни давлат тортиб олмоқчи, ўз қарори билан уларни автобазаларга бирлашишга мажбур қилиб, устидан назорат ўрнатмоқчи. Ҳайдовчиларни эса бу қониқтирмайди”, - дейди бухоролик журналист.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам ҳукуматнинг қарори “Дамас” ҳайдовчиларининг ва уларнинг арзон хизматидан фойдаланиб келган йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлган. Наманганлик кузатувчи буни “давлат қароқчилиги” сифатида баҳолади.

Маълумотларга кўра, бугун Наманганда солиқ тизимида рўйхатдан ўтган икки мингга яқин йўналишли такси бор. Кира ҳақи давлат автобусларникидан сезиларли арзон. Юзлаб “Дамас” ҳайдовчилари ҳукумат қароридан сўнг линияга чиқмагани сабабли Наманганда ҳам йўловчилар вақтида манзилларига бора олмаган.

“Ҳукумат бундай қарорни қабул қилишдан олдин муаммони тубдан ўрганиши керак эди. Юқоридан туриб эмас. Муаммо ўрганилмасдан қабул қилинган қарор, хоҳлайсизми, хоҳламайсизми, барибир норозиликка сабаб бўлади”, - дейди бухоролик журналист.
XS
SM
MD
LG