Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:21

Исроил аскарини озод қилиш учун Ғазога ҳужум қилди


Исроил кучлари Ғазо минтақаси жанубида чоршанбага ўтар кечаси ҳарбий амалиётлар бошлади. Бу ўтган йилнинг сентябрида Исроил ҳарбийлари Ғазодан олиб чиқиб кетилганидан буён илк бор ўтказилаётган йирик амалиётдир.

Тунги ҳужум ҳаводан берилган зарбалар билан бошланди. Натижада кўприклар ва электр станцияси вайрон бўлиб, Ғазонинг катта қисми зулматга ботди.

Исроил мазкур ҳужумни Хамас тарафдорлари бўлган жанггарилар 25 июнь, якшанба куни қўлга олган исроиллик аскарни озод қилиш мақсадида уюштирган.

Исроил Бош вазири Эҳуд Олмерт 28 июнь кунги баёнотида қўлга олинган аскарни озод қилиш учун "фавқулодда чоралар кўрсакми-йўқми, деб ўйланиб ўтирмаймиз" ва чоршанбага ўтар кечаси бошланган операция келгуси кунларда ҳам давом эттирилади, деди. Бироқ унинг айтишича, Исроилнинг Ғазони такроран босиб олиш нияти йўқ.

Исроил армияси аскари, 19 ёшли Шалит Гилад 25 июнь куни тонгда Ғазо минтақаси чегарасида фаластинликлар томонидан ушлаб олинган эди. Бундай воқеа сўнгги 12 йил давомида биринчи бор юз беришидир.

Хабарларга қараганда, исроиллик аскарни ушлаб турган жанггарилар гуруҳи Хамас етакчилигидаги Фаластин ҳукумати билан боғлиқдир. Мазкур гуруҳ аскар тўғрисидаги маълумот эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик хотин-қизлар ва 18 га тўлмаган болаларни озодликка чиқаришни талаб қилаяпти.

Бироқ Эҳуд Oлмерт Исроил ҳукумати жанггарилар гуруҳи билан аскарни озод қилиш юзасидан музокарага киришмоқчи эмас, деди.

Исроил армияси матбуот котиби Жекоб Даллал эса Шалит Гиладни озод қилиш учун ҳарбий амалиёт давом эттирилади, деб баёнот берди.

- Ниятимиз жиддий эканлигини Фаластин ҳукуматига ҳам, террористик ташкилотларга ҳам уқтириб қўймоқчимиз. Зарурат бўлса янада ичкарироққа кириб борамиз. Муаммо яхшилик билан тезликда ечимини топади, аскаримиз ўз уйига қайтади, деб умид қилгимиз келади, - деди Исроил Мудофаа кучлари вакили.

Исроил ҳарбийлари Ғазо минтақасига чоршанбага ўтар кечаcи қилган ҳужум чоғида берилган ракета зарбаларидан кўприк ва сув қувури бузилди. F-16 реактив самолётларидан очилган ўтдан Ғазо шаҳридаги электр станцияси вайрон бўлди. Шаҳар электр қувватисиз қолиб, зулматга чўкди.

Ҳарбийлар танклар ёрдамида чегарани кесиб ўтиб Рафах шаҳарчасидан шарқроқда икки позицияни эгаллади.

Хамас етакчилик қилаётган Фаластин ҳукумати раиси муовини Насриддин ал-Шоирнинг айтишича, Хамас гуруҳи раҳбарияти Исроил аскарини ўғирлаб кетганларга мурожаат қилиб, "Шалитнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва унга яхши муомала қилиш"ни сўраган. Бироқ айни пайтда у аскарнинг тақдири Исроил ҳукумати қарорига боғлиқ эканлигини ҳам қўшиб қўйди.

Шоир, шунингдек, Фаластин ҳукумати "Ғазо минтақаси ва умуман Фаластин заминидаги аянчли вазият"ни муҳокама қилиш учун йиғилганини билдириб, Исроил ҳарбийлари ҳужумини Фаластин ҳукумати кескин қоралашини яна бир бор такрорлади.

Аввалроқ Фаластин ҳукумати вакили Ғози Хамад Араб давлатлари ва халқаро ташкилотлар расмийлари билан пайдо бўлган бўҳронни оғир-босиқлик ҳал қилиш йўллари изланаётгани тўғрисида баёнот берган эди.

Бироқ айни пайтда, Хамаснинг бошқа бир аъзоси, ҳаракатнинг Ливандаги вакили Усама Хамдон Исроилнинг Ғазога бостириб кириши ушлаб олинган исроиллик аскар эвазига фаластинлик маҳбусларни озод қилиш талабини ўзгартирмаслиги тўғрисида баёнот берди.

Исроил ҳарбийларининг Ғазога бостириб кириши арафасида хабарларга қараганда, Фаластин президенти Маҳмуд Аббос раҳбарлигидаги Фатх партияси Хамас гуруҳи билан мустақил Фаластин давлати тузиш тўғрисида ўзаро келишиб олди.

Бу хабар халқаро жамоатчилик эътиборини тортди, чунки Фаластинни мустақил давлат, деб эълон қилиш, унинг чегараларини аниқлаб олиш Исроилни давлат сифатида билвосита тан олишдир.
XS
SM
MD
LG