Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:39

ЎИҲ Тожикистонда фаоллашмоқда


Тожикистон шимолидаги Ўзбекистон билан чегарадош Сўғд вилоятида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолигида айбланаётган 4 киши ҳибсга олинди. Уларнинг учтаси Ўзбекистон фуқаросидир.

Сўғд вилояти ички ишлар бошқармасидан маълум қилишларича, ЎИҲ аъзолари Хўжанд шаҳрида ўтказилган махсус тезкор амалий тадбирлар натижасида қўлга олинган. “Ҳамза” ва “Нодир” лақаблари билан танилган 29 ёшли Нодиржон Ҳайдаров ва “Абдуҳафиз” лақабли 27 ёшли Ғайрат Эшқулов Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан, 29 ёшли Абдураҳмон Қодиров эса Тошкент вилоятининг Кўксарой деган жойидандир. Қўлга олинганлардан бири 37 ёшли Алижон Бойназаров эса Сўғд вилоятининг Ашт туманидан.

ИИБ маълумотига кўра, ҳибсга олинганларнинг барчаси асли наманганлик бўлган Расул Охунов ташкил этган жиноий гуруҳ аъзоларидир.

“Хўжанд, Чкалов, Қайроққум, Панжакент шаҳарларидаги жиноий гуруҳлар ташкилотчиси Расул Охунов ҳисобланади. Бу жиноий гуруҳнинг 17 аъзоси борлиги аниқланди. Ўтган йил ва шу йилнинг 5 ойи давомида улардан 12 нафарининг жиноят иши судга оширилди”, - деб маълумот берди вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи генерал-майор Абдулло Назаров.

А.Назаровнинг айтишича, 1997 йилдан буён Сўғд вилояти ҳудудида милиция ходимларига, чегара пунктларига ҳужум қилганлар айнан ЎИҲнинг Р.Охунов бошчилигидаги гуруҳи аъзоларидир.

Қўлга олинган шахслар вилоятнинг бир неча туманида фаолият юргизган. Улар яшаб турган уй тинтув қилинганда диний экстремистик характердаги ва жиҳодга даъват этувчи файллар жамланмаси бўлган ноутбук, “муқаддас жанг”га чорловчи ва экстремистик руҳдаги ўзбек тилидаги адабиётлар топилди. Ўзбекистон фуқароларидан бири Зокиржон Абдураҳмоновда Тожикистон паспорти борлиги ҳам ошкор этилди.

Қўлга олиш чоғида гуруҳ аъзоларидан бири қаршилик кўрсатиб, қочмоқчи бўлганида қўлидан ўқ еди ва ҳибсга олинди.

Қўлга олинганларнинг барчасига Тожикистон Жиноят кодексининг 127-моддаси (жиноий гуруҳлар тузиш) асосида жиноят иши очилган.

Сўғд вилояти прокурори ўринбосари Зокир Назаровнинг таъкидлашича, Тожикистон ҳукуматининг бирлашган тожик мухолифати билан 1997 йилдаги миллий ярашувидан сўнг ЎИҲ тинчликка таҳдид солувчи ҳаракат сифатида тан олинган. Чунки бу ҳаракатнинг дала қўмондонлари миллий ярашув шартларини имзолашдан бош тортган.

Унинг билдиришича, ЎИҲ жиноий гуруҳлари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида террорчилик фаолияти билан шуғулланмоқда. Улар томонидан содир этилган энг сўнгги жиноят Тожикистоннинг “Лаққон” чегара заставасига қилинган ҳужумдир. Ўшанда уч ҳарбий ҳалок бўлган ва ҳужум қилганлар гуруҳи аъзолари Қирғизистон ҳудудида ўтказилган операция давомида ўлдирилган эди.
XS
SM
MD
LG