Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:58

Уйга етиш орзуга айланадиган замонлар келди...ми?


Сўнгги ярим йил давомида Тошкентда уй-жой баҳоси шу пайтгача кузатилмаган даражада тез кўтарилиб бораётир. Шаҳарда шу қисқа вақт ичида уй-жой нархи энг камида 2-2,5 баробар ўсди.

Тошкентдаги SKS Consulting фирмаси раҳбари Мурод Абдуҳакимовнинг айтишича, нафақат кўп қавали уйлар, балки ҳовлиларнинг ҳам нархи ошмоқда. Энг қиммат квартиралар “Марказ-1” ва “Марказ-2” кварталида жойлашган. Бу ерда бир квадрат метр 1000 долларгача туради. 1-2 йил олдин бу ерда шунча жой баҳоси нари борса 400-500 доллардан ошмаган.

У сўзини давом эттирар экан, бундан 3 йил аввал ўзининг бир хонали квартирасини 1200 долларга сотганини, ҳозир бу пулга ярим хонали уй ҳам сотиб олиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

SKS Consulting фирмаси тарқатган маълумотларга кўра, пойтахтда бир хонали квартира ўртача 7 800 доллар, икки хонали квартира 12 417, уч хоналиси 18 137, тўрт хонали квартира 21 307 АҚШ доллари туради.

М.Абдуҳакимов Тошкентда кўчмас мулк баҳосининг кўтарилиш сабабларига тўхталиб: “Биринчидан, 5-6 йилдан бери Тошкентда уй-жой қурилмади. Иккинчидан, сўнгги йиллар ичида вилоятда яшовчиларнинг Тошкентдан уй сотиб олиш ҳоллари кўпайганини айтиш мумкин. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридан кўчиб кетаëтган одамлар сони камайган. Қайтиб келаëтганлар эса кўп”, - деди.

Суҳбат чоғида SKS Consulting фирмаси раҳбари М.Абдуҳакимов сўнгги пайтларда вилоятдан келганларнинг Тошкентда қайддан ўтиши енгиллаштирилгани ва шу сабабли уй-жой сотиб олаëтган вилоятликларнинг сони ортиб бораëтганини ҳам билдирди.

У кўчмас мулк нархининг ошишига сабаб бўлаётган яна бир омилга тўхталди.

“Бизнинг соҳада “спекулятив кутиш”, деган тушунча бор. МДҲ республикалари пойтахтларида кўчмас мулкнинг нархи ошиб кетган. Ўзбекистонда ҳам шундай бўлиш керак. Шунингдек, бошқа постсовет давлатларида сармоя ëтқизиш манбалари ҳам кўпайиб бормоқда. Сармоядорларнинг наздида бошқа капитал ëтқизиш объектларига қараганда уй-жойга сармоя ëтқизиш тўғри йўл. Шу сабабли ҳам улар Тошкентга сармоя ëтқизишни ижобий баҳоламоқда”, - дейди М.Абдуҳакимов.

Нафақат Тошкентда, балки Ўзбекистон вилоятларида ҳам уй-жой баҳоси кўтарилиб кетгани кузатилмоқда.

Фарғоналик Абдулазизнинг билдиришича, водийда илгари 900-1000 долларга сотиб олиш мумкин бўлган квартиралар ҳозир камида 1300 доллар туради.

Маълум бўлишича, нафақат аҳоли зич жойлашган водий вилоятларида, балки Самарқанд, Қарши, Бухоро ва Урганчда ҳам кўчмас мулк баҳоси ошиб кетган.
XS
SM
MD
LG