Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:21

Суд яна қолдирилди


Тошкентда ўзбекистонлик таниқли ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан устидан суд жараёни жума куни давом этиши керак эди. Аммо суд мажлиси 9 август - чоршанба кунига қолдирилди.

Бунга суд залига мустақил кузатувчиларни киритиш ё киритмаслик борасида бир қарорга келинмагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Андижон воқеалари ҳақида қўшиқ ёзган Дадахон Ҳасан Жиноят кодексининг Ўзбекистон президентига ва конституцивий тузумига тажовуз қилиш ҳамда жамоат тартибига хавф соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланмоқда. Унинг устидан суд сешанба куни бошланар бошланмас жумага қадар танаффус эълон қилинган эди.

Ҳофизнинг жамоатчилик адвокати Суръат Икромов бу ҳолни Ўзбекистонда судлар мустақил эмаслиги белгиси, деб билишини айтади.

“Менимча, бу ерда судя қандай иш олиб боришни била олмаяпти. Чунки ҳамма суд материаллари уюштирилган. Исботлар йўқ. Фақат юқоридан буйруқ бор”, - дейди С.Икромов.

Дадахон Ҳасанга нисбатан жиноят иши унинг қўшиқларини тинглаган бухоролик икки мухолифат вакили озодликдан маҳрум этилганидан сўнг очилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳофиз уйида тинтув ўтказган, қўшиқчининг қўлёзмалари, қўшиқлари ёзилган аудиокассеталарини далилий ашё сифатида олиб кетган эди.

Ҳофизнинг ўзи Андижондаги воқеалар ҳақида қўшиқ ёзганини яширмаган, аммо уни ва бошқа қўшиқларини тарқатиш билан шуғулланмаганини айтган.

66 ёшли Дадахон Ҳасан Ўзбекистонда миллий озодлик руҳидаги қўшиқлари билан танилган. Саксонинчи йилларда ҳам ёзган қўшиқлари учун таъқибга учраган. Ўзбекистонда унинг қўшиқлари 1992 йилдан бери тақиқлаб қўйилган.
XS
SM
MD
LG