Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:41

Ўзбекистон МХХнинг собиқ ходими Тожикистонда ватанга хиёнатда айбланди


Тожикистоннинг Сўғд вилояти суди Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти Бешариқ тумани бўлимининг собиқ бошлиғи Карим Собировни ватанга хиёнатда айблади.

К.Собиров Тожикистон фуқароси, 1955 йилда туғилган. Ўзбекистон МХХ Бешариқ тумани бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган. Сўғд вилояти жиноят ишлари суди уни ватанга хиёнатда айблаб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Хўш, К.Собиров Тожикистон фуқароси бўла туриб, қандай қилиб Ўзбекистон МХХда юқори лавозимда ишлаган?

К.Собиров устидан ўтказилган судга раислик қилган Амирхон Исҳоковнинг “Озодлик” радиосига айтишича, айбланувчи собиқ иттифоқ даврида Тожикистон Давлат хавфсизлик қўмитасининг Хўжанд тумани бўлимида ишлаган. Мустақилликдан сўнг, 1991 йилдан 1997 йилгача Ўзбекистон МХХда фаолият кўрсатган. 1997 йилда нафақага чиққач, туғилиб ўсган жойи Конибодом туманида яшаган. Унда Тожикистон фуқаролигини тасдиқловчи паспорт бўлган.

Судьянинг сўзларига кўра, К.Собиров Тожикистондан савдо ишлари билан Ўзбекистонга борган одамларни бу ерда эркин ишлаш эвазига Тожикистондаги вазият ҳақида маълумот бериш мақсадида ёллаган.

Маълумотларга қараганда, К.Собиров ёпиқ суд мажлисида ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлмаган. Унинг иддаосига кўра, собиқ иттифоқ пайтида хавфсизлик хизмати ходимлари уларнинг хоҳиши инобатга олинмасдан белгиланган жойга ишга юборилган. К.Собиров дастлаб расман Тожикистон чегарасини ноқонуний бузиб ўтишда айбланиб ҳибсга олинган.

Судья А.Исҳоков Ўзбекистонда яшайдиган, лекин фуқаролиги йўқ шахс мақомида бўлган Ёри Ёқубов ҳам жосусликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилганини билдирди.

Судянинг маълум қилишича, Ёри Ёқубов асли Тожикистоннинг Истарафшон шаҳридан. Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида яшаган. Миллати ўзбек. Ховос тумани марказий шифохонасида ишлаган. Унга жосуслик, миллий адоват уйғотиш, президентни омма олдида таҳқирлаш ва туҳмат қилиш айблари юкланган.

А.Исҳоқовнинг таъкидлашича, “Рустам” лақаби остида ишлаган Ёри Ёқубов Тожикистондаги вазият, одамларнинг кайфияти, кишиларнинг сайловлар ҳақидаги фикри борасидаги маълумотларни Ўзбекистон МХХга етказиб турган.

Шу йил давомида Сўғд вилоятида 10 га яқин фуқаро Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
XS
SM
MD
LG