Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 06:32

"Саёҳат" журналистни судга беришга қарор қилди


Сомалидаги исломий жангариларга қурол-яроғ етказиб беришда айблагани учун Қозоғистоннинг "Саёҳат" авиакомпанияси "Associated Press" ахборот агентлиги мухбири Крис Томлинсонни судга беришга қарор қилди.

Қозоғистон рамзи туширилган “Ил-76” самолёти Эритреядан Сомалидаги жангариларга қурол-яроғ ташиётгани ҳақидаги хабар ўтган ой охирларида тарқатилган эди. Гарчи Қозоғистон расмийлари бу хабарларни рад этган бўлса-да, журналист К.Томлинсон бу самолёт “Саёҳат” компаниясига тегишли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни илгари сурди. Журналист самолётдаги UN 76434 рақами “Саёҳат” компаниясига тегишли эканини қайд этган. Маълум бўлишича, “Саёҳат” компаниясида ҳақиқатан ҳам UN 76434 рақамли “Ил-76” самолёти бор. Лекин компания раҳбарияти бу самолёт Сомалига учмаганини таъкидламоқда.

БМТ бир неча йиллардан буён фуқаролик уруши давом этаётган Сомалига қурол-яроғ сотишни тақиқлаган. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Илёс Умаров баёнотига кўра, Қозоғистон ҳукумати БМТнинг бу қарорини бузмаган.

“Саёҳат” авиакомпанияси эса гўёки нотўғри маълумот тарқатгани учун “Associated Press” агентлиги мухбири Крис Томлинсонни судга беришга қарор қилганини билдирди. Авиакомпания директори Владимир Куропатенконинг таъкидлашича, журналист бу мақолани кимнингдир “сиёсий топшириғи” асосида ёзган бўлиши мумкин.

Мустақил Қозоғистон тарихида қурол-яроғ контрабандаси билан боғлиқ воқеалар илгари ҳам кузатилган. Қозоғистон 1991 йилда Эфиопия ва Конгога, 1999 йилда Кореяга ноқонуний равишда қурол-яроғ сотгани ҳақида маълумотлар тарқатилган.
XS
SM
MD
LG