Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:19

Ўзбекистонга кириб келаётган наркотикларнинг асосий қисми Афғонистонда тайёрланган


Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, мамлакатга кириб келаётган гиёҳвандлик моддаларининг асосий қисми Афғонистонда тайёрланган бўлиб, Тожикистон орқали олиб ўтилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқованинг билдиришича, 2005 йил январдан 2006 йил июнга қадар Ўзбекистонда гиëҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ бўлган уч мингдан ортиқ жиноят фош қилинган. 2 минг килограммдан ортиқ гиëҳвандлик моддалари, жумладан, 795 килограмм героин, 539 килограмм опий мусодара қилинган. МДҲ ва Европа мамлакатларига гиëҳвандлик моддалари ўтказиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланишга ҳаракат қилган мингдан ортиқ минтақалараро жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

С.Ортиқова Ўзбекистон ҳудудида мусодара қилинган гиёҳвандлик моддаларининг асосий қисми Афғонистонда тайёрланганини маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, наркотик моддалар, асосан, Тожикистон билан чегарадош Сурхондарë, Самарқанд, Сирдарë, Тошкент ва Фарғона вилоятларидан олиб ўтилмоқда.

“Тожикистон фуқаролари наркотрафикнинг асосий ташкилотчилари бўлиб, улар Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида яшовчи фуқароларни мақсадли равишда наркобизнесга жалб қилмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан гиëҳвандлик воситалари, қурол-яроғлар ва ўқ-дорилар ноқонуний муомаласи ва контрабандасига қарши кураш ҳамда конституциявий тузумни ағдариш мақсадини кўзлайдиган материалларни тарқатишга қаратилган уринишларга чек қўйиш борасида ишлар давом эттирилмоқда”, - деди С.Ортиқова.

Тожикистон ҳам Ўзбекистондан мамлакатга турли контрабанда маҳсулотлари кириб келаётганини айтмоқда.

Тожикистон давлат чегараларини қўриқлаш давлат қўмитаси раиси ўринбосари генерал Шароф Файзуллаевнинг таъкидлашича, сўнгги ойлар ичида ўтказилган амалиëтлар натижасида Ўзбекистондан Тожикистонга олиб ўтилаëтган катта миқдордаги контрабанда моллари мусодара қилинган.

“Сўғд вилояти йўналишида ўтказилган амалиëт давомида 7200 тонна дизел ëқилғиси, 7000 тоннадан ортиқ бензин, 35 тонна цемент ва бошқа маҳсулотлар мусодара қилинди. Тожикистон ва Ўзбекистон аҳолисининг икки миллионга яқини қариндошлик алоқаларини сақлаб келмоқда. Бизнинг харакатларимиз халқ фаровонлигини яхшилаш мақсадида олиб борилиши лозим”, - деди генерал.

БМТнинг уюшган жиноятчиликнинг олдини олиш ва наркотикларни назорат қилиш идорасининг Марказий Осиëдаги вакили Жеймс Каллахон тожик-ўзбек чегарасидаги вазиятнинг ачинарлилиги, шунга қарамай, бу аҳволга етарли эътибор қаратилмаётганини иддао қилди.

“Дунë жамоатчилиги Афғонистонга қўшни мамлакатлар билан чегара ҳудудларига қараганда, ўзбек-тожик чегараларига кам эътибор беряпти. Қаердан қанча контрабанда маҳсулоти олиб ўтилаëтгани ҳақида менда аниқ маълумотлар йўқ, аммо Тожикистон Афғонистон билан узун чегарага эга бўлгани боис, Афғонистонда етиштириладиган наркотик моддаларнинг аксарияти Тожикистон орқали Россия ва Европага олиб ўтилиши ҳеч кимга сир эмас. Ушбу вазиятда Ўзбекистон ҳам транзит мамлакат ролини ўйнамоқда”, - деди Ж.Каллахон .

Унинг таъкидлашича, БМТнинг у ишлаётган идораси Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудларидаги вазиятни назорат қилиш тўғрисида таклифларга эга. Бу лойиҳани амалга ошириш учун учун маблағ зарур. Айни пайтда маблағ излаш жараёни бормоқда.

Ж.Каллахон токи минтақада коррупцияга чек қўйилмас экан, контрабанда маҳсулотларининг бир мамлакатдан иккинчисига олиб кирилиши ва наркотрафикнинг олдини олиш ҳақидаги гаплар пуч бўлиб қолишини айтди.
XS
SM
MD
LG