Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:28

Иқтисодий манфаат ортида нима сиёсат бор?


15-16 август кунлари Сочида бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятининг норасмий учрашувида Ўзбекистон учун муҳим эга бўлган анчагина расмий ҳужжатлар имзоланди.

Жумладан, Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайтадан аъзо бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Украина билан ўзаро иқтисодий ҳамкорлик мазмунидаги битимни имзолаб, бу давлатга газ етказиб берадиган бўлди.

Сочи учрашувидан сўнг Украина Бош вазири Виктор Янукович журналистлар билан учрашиб, Ўзбекистондан газ олиш билан бирга Украина бу мамлакатдаги газ захираларини ўзлаштириш ва газ қувурлари тизимини замонавийлаштириш лойиҳаларида ҳам иштирок этишга келишилганини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги муносабатлар, асосан, савдо-иқтисодий соҳада бўлса-да, у қадар жиддий даражага кўтарилмаган. Хусусан, Ўзбекистон Украинага нефть, рангли металл, пахта каби маҳсулотлар бериб, эвазига транспорт воситалари, саноат маҳсулотлари, асбоб-ускуналар олади.

Мана энди Сочи учрашувида имзоланган ҳужжат икки давлат муносабатларига анчагина жиддий тус берди. Украинага газ керак, бу битим давлат учун соф иқтисодий аҳамиятга эга. Буни В.Януковичнинг ўзи ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Украина мавжуд газ транспорти тизимининг Ўзбекистон қисмини реконструкция қилишда иштирок этишдан, яъни Туркманистон ва Ўзбекистондан келадиган газ ҳажмининг ошишидан манфаатдор. Шунингдек, биз Ўзбекистондаги газ захираларини ўзлаштиришга сармоя ётқизиш лойиҳаларида иштирок этишдан ҳам манфаатдормиз”, - деди у.

Украина бош вазири Сочи учрашуви чоғида мамлакат учун асосий муаммолардан бири бўлган газ таъминоти масаласини энг фойдали тарзда ҳал қилишга осонгина эришди. Бир томондан, Россиядан келадиган газнинг нархи аввалгидек қоладиган бўлди. Иккинчи томондан, Ўзбекистондан ҳам тўғридан-тўғри газ олинадиган бўлди. Зеро, айрим таҳлилчилар фикрича, Украина ҳукуматининг янги раҳбари айни вақтда бу битимнинг Ўзбекистон ҳукумати учун қанчалик аҳамиятли, хусусан, соф сиёсий аҳамиятга эга эканини яхши англайди.

Украина президенти маслаҳатчиси ёрдамчиси, “Пора” ҳаракати аъзоларидан бири Андрей Юсовнинг таъкидлашича, В.Янукович ҳукуматга келиши билан мамлакатдаги сиёсий вазият мураккаблашган. Бироқ бунда масаланинг бир неча муҳим жиҳати бор.

“Биринчидан, бош вазир бўлиб тайинланиш олдидан В.Янукович Украинанинг ички ва ташқи сиёсати ўзгармаслигини ваъда қилиб, ҳужжат имзолади. Шунга таянсак, катта ўзгариш кутмаслигимиз керак. Бироқ у Россияга мойил сиёсатчи ва биз ўз вақтида мамлакатда бир гап, Ғарбда бошқа ва Россияда умуман бошқа гап гапирган сиёсатчиларни кўрганмиз. Шу маънода, В.Янукович ваъдасини бажармаслигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмаслик керак”, - дейди А.Юсов.

У Ўзбекистон ҳукуматининг Украина билан бундай келишувдан кўзлаган тайин сиёсий мақсадлари борлигини айтди.

“Шаксиз, Ўзбекистон ҳукумати бу битимдан, аввало, сиёсий ва албатта, иқтисодий мақсадларни кўзлаган. Хусусан, Украинада бошпана қидириб юрган юзлаб ўзбек қочқинларини мамлакатига қайтариш эҳтимоли туғилиши мумкин. Ҳозир бир неча ўзбекистонлик қочқиннинг ҳужжатлари депортация учун кўриб чиқилаётгани ҳақида эшитдим. Аммо, ишончим комил, президент Юшченко бошчилигидаги раҳбарият бунга йўл қўймайди. Боиси, мамлакатда ҳукуматга бас кела оладиган мухолифат бор”, - деди А.Юсов.

Ҳозир муҳожиратда яшаётган ва Украинадаги ўзбекистонлик сиёсий қочқинлар ҳаётидан яхши хабардор бўлган Анвар Каримов сўзларига кўра, икки давлат ўртасида тузилган ўзаро иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим, асосан, шу мамлакатда жон сақлаб турган юзлаб ўзбекистонлик сиёсий қочқинлар учун катта хавф туғдирган.

“Ўзбекистоннинг газ бериш эвазига кўзлаган сиёсий манфаати, яъни Украинадан қайтариб олиниши кўзланган ўзбекистонлик қочқинларнинг асосий қисми ўзбек мухолифати, демократик кучлар вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячиларидан иборат. БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг бу мамлакатдаги бўлими томонидан салкам 700 га яқин қочқин қайд этилган ва улардан эликка яқинигина учинчи мамлакатларга чиқарилган, холос”, - дейди А.Каримов.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси аъзоси Исмоил Дадажоновнинг билдиришича, В.Янукович бошчилигида ҳукуматнинг қочқинларни Ўзбекистонга бериш эҳтимоли катта. Чунки бу ўзбеклар 2004 ва 2006 йилларда унинг президентлиги ва бош вазирлигига қарши чиққан “зарғалдоқ инқилобчи”ларни қўллаб, намойишларда қатнашган.
XS
SM
MD
LG