Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:09

Ўзбекистон ҳукумати миссионерларга жазони кучайтирмоқчи


Ўзбекистон ҳукумати ибодатхонадан ташқарида диний тарғибот ўтказган кишилар ва уларнинг етакчиларига катта миқдорда жарима солиш, ҳатто уларни қамашни кўзда тутадиган қонунни кучга киритмоқчи.

“Форум 18” ташкилоти вакили Игор Ротар Ўзбекистонда рўйхатга олинган диний жамоалар вакилларининг Тошкентда бўлиб ўтган йиғилиши натижаларига таяниб шундай хабар тарқатди.

Унда айтилишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси етакчилигида ўтган йиғилишда ибодатхонадан ташқарида одамларни динга даъват қилган шахслардан энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима солиниши масаласи муҳокама этилган. Агар мазкур шахслар иккинчи марта қўлга олинса, у ҳолда улар 3 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Бироқ Дин ишлари қўмитаси расмийлари “Форум 18” тарқатган хабарни мутлақо рад этмоқда.

Қўмита ходими Ортиқбек Юсуповнинг таъкидлашича, 4 августда дин ишлари бўйича ҳеч қандай йиғилиш бўлмаган ва бу масала кўриб чиқилмаган.

Бироқ Игор Ротар “Интерфакс” ахборот агентлигининг 4 август куни тарқатган маълумотига таяниб: “Мана қўлимда барча ҳужжат бор. 4 август куни Дин ишлари қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон ҳукумати норасмий диний муассасалардан ташқарида динни тарғиб этган одамлар ва уларнинг етакчиларига катта миқдорда жарима солиш ëки уларни қамаш ҳақидаги қонун лойиҳасини кучга киритишни муҳокама қилган. Бу ҳақда кўплаб сайтларда очиқдан-очиқ эълон қилинган, қандай қилиб буни инкор этиш мумкин?”, - деди.

И.Ротар О.Юсуповнинг “Форум 18” сайти Ўзбекистондаги воқеаларни ташқарида туриб ёритишга ҳаракат қилиши, ўшанда ҳам эски фактларга таяниши ҳақидаги иддаоларини рад этди.

Шунингдек, О.Юсупов “Ўзбекистонда миссионерлик фаолияти қонун бўйича тақиқлангани, ибодатхонада даъват қилиш мумкинлиги, аммо кўчага чиқиб, адабиëтлар тарқатиш ва ҳоказоларга йўл қўйилмаслиги”ни таъкидлади.

И.Ротар диний жамоалар етакчилари янги қонун лойиҳасига очиқдан-очиқ қаршилик кўрсата олмаслиги, акс ҳолда улар Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқиб қилиниши мумкинлигини айтди.

Бироқ О.Юсупов мамлакатда одамларнинг эътиқоди учун таъқиб қилинаëтганини инкор этди.

“Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиларидан бошлаб одамларни намоз ўқигани ëки эътиқоди учун таъқиб остига олиш кузатилмаган ва кузатилмайди ҳам”, - деди О.Юсупов.

И.Ротар “Форум 18” сайтида эълон қилинган мақоласида динни тарғиб этган одамларнинг таъқиб қилиниши БМТнинг инсон хуқуқлари декларацияси 18-бандига зид эканини билдиради.

Унда ёзилишича, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда миссионерлик фаолияти билан шуғулланган одамлар мамлакатдан чиқарилиб юборилаëтир. Жумладан, Ўзбекистондаги протестант оқимидаги айрим шахслар тинч фаолияти учун ҳукумат томонидан таъқиб қилинган ва оқибатда мамлакатдан қочиб чиқиб кетишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG