Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:30

Ўзбек қочқинларини ватанга қайтишга нима ундамоқда?


Андижондаги 13 май воқеаларидан кейин АҚШдан паноҳ топган ўзбекистонлик қочқинлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ватанга қайтмоқда. Хўш, уларни ватанга қайтишга нима ундамоқда?

Ўзбекистон ҳукумати ўз вақтида бир йил аввал ватанни тарк этган қочқинларни террорчи жиноятчилар, деб эълон қилган эди. Бугун эса ҳукумат бу қочқинлар ватанга қайтган тақдирда уларга ҳеч нарса бўлмаслигини ваъда қилмоқда ва андижонлик қочқинларнинг ҳам бунга ишончи катта.

Германиялик журналист, Андижон воқеаларининг бевосита гувоҳи Маркус Бенсманн фикрича, шу фактнинг ўзиёқ андижонлик қочқинлар жиноятчи эмас, оддий одамлар эканининг яна бир тасдиғидир.

“Андижонликларнинг ватанга қайтишга интилиши ҳукуматнинг уларга қўйган айбловлари сафсата эканидан далолат ва бу Андижонда ҳақиқий халқ қўзғолони бўлганининг яна бир тасдиғидир. Уларнинг ягона истаги - ўз уйларига қайтиш. Улар меҳнати билан президентга гуноҳсизлигини исботлаб беришга тайёр эканини айтаётган экан, демак улар қонунга итоат қилувчи фуқаролар ва уларни ҳукумат бир йил аввал Андижонда ўққа тутган эди. Улар шунчалар қонунга итоот қилувчи фуқароларки, ҳатто ўққа тутилганидан кейин ҳам бу ҳукуматга ишонмоқда”, - деди М.Бенсманн.

Америкада яшовчи ўзбекистонлик жамиятшунос Баҳодир Файзи ҳам шу фикрда.

“Агар ўзларини гуноҳли ҳисобласа, улар асло Ўзбекистонга қайтмасди. Булар оддий, ишонувчан, содда, ғоясиз ўзбекистонликлар”, - деди Б.Файзи.

Қочқинларнинг дастлабки гуруҳи июль ойида Ўзбекистонга қайтган эди. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Аризона штатида яшовчи 12 киши ватанга жўнаган, қочқинларнинг қайтиши учун самолётга чипта олишдан тортиб бошқа барча харажатлар ўзбек дипломатлари томонидан ташкил қилинганди. Сал ўтиб яна 41 қочқин юртга қайтди ва Ўзбекистонда улар ҳеч қандай тазйиққа дуч келмагани айтилмоқда. Куни-кеча эса АҚШнинг Айдаҳо штатида яшовчи олтмишга яқин андижонлик юртга қайтишга ёрдам сўраб Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига мурожаат этди.

Айдаҳода яшаётган пайтда улар билан яқин алоқада бўлган ўзбекистонлик муҳожир Акрам Муҳаммедовнинг айтишича, элчихона уларнинг айрим харажатларини қоплаб беришни ваъда қилган.

А.Муҳаммедов ҳам юрт, ватан соғинчи андижонликларни Ўзбекистонга қайтишга ундаган, деган фикрларга қўшилади. Аммо унинг таъкидлашича, бу ерда асосий сабаб Акрам Йўлдошев ёзгани айтилаётган хат ва ҳукуматнинг босимларидир.

“Акрам Йўлдошев имзоси билан олинган хатда юртга қайтиш айтилгани ҳақида мен улардан эшитдим. Бу уйдирма бўлиши мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилдик, лекин улар тушунмади”, - дейди А.Муҳаммедов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга қайтаётганлар орасида Акрам Йўлдошевнинг қариндошлари ва Руминияда қочқинлар лагерида туғилган чақалоқ ҳам бор.

Акрамийлар лидери сифатида кўриладиган А.Йўлдошевнинг гўёки қамоқхонадан ўз издошларини Ўзбекистонга қайтишга чорлаб хат ёзгани ҳақида аввалроқ ҳам айтилган. Ўша маълумотларга кўра, гўёки президент Ислом Каримовнинг ўзи қамоқдаги А.Йўлдошев билан учрашиб, ундан ўз одамларини орқага қайтаришга ёрдам беришни, дунё олдида мамлакатни шарманда қилмасликни, барча муаммолар ўзаро ҳал қилинишини айтган.

Америкада яшовчи жамиятшунос Б.Файзи бу тахминда ҳам жон бор, деб ҳисоблайди.

Андижонлик қочқинлар БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги вакиллари билан суҳбатда Ўзбекистонга у ердаги вазиятни тушунган ҳолда қайтишга қарор қилганини, ҳеч қандай босим бўлмаганини айтган.

“Улар хавфга рўпара келиши мумкинлигини англаган ҳолда қайтаётганини билдирди. Биз улардан қандайдир таҳдид ёки босим бўлган-бўлмаганини сўрадик. Улар ҳеч бир томондан босим ёки таҳдид бўлмаганини айтди”, - дейди олий комиссарлик вакиласи Елен Коу.

Аммо, унинг таъкидлашича, қочқинлар Ўзбекистонга қайтганидан кейин уларга бирон нарса бўлиши ёки бўлмаслигини тахмин қилиш қийин. Ҳозирча қайтганларнинг ҳеч бири тазйиққа дуч келмагани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG