Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:39

Чегара муаммоси Сариоғоч ҳокимининг “бошига етди”


Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги демаркация жараёнида йўл қўйилган хатоликлар учун Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сариоғоч тумани ҳокими Жамбил Бойғонов ишдан бўшатилди.

“Kazakhstan Today” ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, мамлакат Бош прокуратураси томонидан қозоқ-ўзбек чегарасидаги демаркация жараёни текширилиб, кўплаб хатоликларга йўл қўйилгани аниқланган. Шундан сўнг вилоят ҳокими Бўлат Жилкишиев Сариоғоч тумани ҳокимини зудлик билан ишдан бўшатишга қарор қилган.

Маълум бўлишича, Сариоғоч тумани ҳокимлиги чегара демаркацияси ўтган йили тугатилгани ҳақида юқори идораларга маълумот тақдим этган. Аниқланишича, бу маълумот нотўғри бўлиб чиққан. Ҳозир ҳам чегара демаркацияси туфайли бузилиши лозим бўлган яна 41 та бино ва иншоот бор экан. Қозоғистон ҳукумати бу биноларни бузиш учун қўшимча равишда яна 121 миллион танга ажратишга мажбур бўлган.

Шунингдек, мамлакат Бош прокуратураси текшируви натижасида аниқланишича, қозоқ-ўзбек чегарасидаги демаркация жараёнида жуда кўплаб хатоликларга йўл қўйилган. Айрим жойларда чегара сим тўсиқлари нотўғри тортилган. Масалан, ўзбек чегарачилари Жарти Тобе қишлоғи ҳудудида чегара тўсиқлари ўрнатган ва бунинг натижасида Қозоғистоннинг қарийб 3 гектар ери Ўзбекистонга ўтиб қолган.

Сариоғоч тумани ҳокими ўринбосари Исоқ Оспановнинг билдиришича, бу ер майдонини энди ўзбеклар қайтариб бериши ниятида эмас ва бундан қозоғистонликлар норозилик билдирмоқда.

Демаркация жараёнида қозоқ чегарачилари томонидан ҳам бир қанча хатоликларга йўл қўйилган. Аммо ҳозирча бу хатоликлар нимадан иборат экани ҳақида маълумот йўқ.

Қозоғистон-Ўзбекистон ўртасида 2004 йил 19 апрелда бошланган демаркация жараёни 2007 йилнинг охиригача давом этиши мўлжалланган. Айни пайтда демаркация туфайли Қозоғистоннинг 16 аҳоли пункти қийин аҳволга тушиб қолган. Қозоғистонга қарашли 7 овулнинг болалари чегарадан ўтиб, Ўзбекистон мактабларига қатнайди. 8 овул одамлари эса ичимлик сув учун Ўзбекистон ҳудудига ўтишга мажбур.
XS
SM
MD
LG