Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:23

ОИТВга чалинган гўдаклар сони ортмоқда


Бундан бир ой муқаддам Жанубий Қозоғистонда 15 гўдакда ОИТВ (ВИЧ) инфекцияси аниқланган эди. Ҳалигача касалликнинг юқиш манбани аниқланмагани етмагандек, уни юқтирган болалар сони ортиб бораётир.

Сўнгги маълумотларга кўра, яқинда бу ерда яна 13 болада ОИТВ борлиги аниқланган. Шу билан ОИТВдан зарарланган болалар сони 40 нафарга етган. Аммо бу сўнгги рақам эмас. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ербўлат Досаевнинг билдиришича, яна 12 гўдак ОИТВга чалинган бўлиши мумкин. Айни пайтда уларни текшириш давом этмоқда.

ОИТВ билан бу каби оммавий зарарланиш Қозоғистон тарихида ҳали учрамаган. Бугунги кунга келиб бу касалликни юқтирган 4 гўдак оламдан ўтди. Касаллик манбаини аниқлаш учун соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари, прокуратура ва полиция махсус шуғулланяпти. Айни пайтда гўдаклар қаерда, қай тарзда даволанаётгани сир сақланмокда.

Маълум бўлишича, болаларнинг ота-оналарида бу касаллик кузатилмаган. Аниқланган маълумотларга кўра, болаларнинг барчаси илгари бошқа касалга чалингани сабабли шифохонада ётиб даволанган. Ўша ерда гўдакларга қон қуйиш муолажаси қилинган. Болаларга иммун танқислиги вируси айнан шу сабабли юққан деган, тахмин илгари сурилганди. Бироқ бу тахмин ўз тасдиғини топганича йўқ.

Касалликка чалинган гўдаклар даволанган учта шифохонанинг бош врачлари ишдан бўшатилди. Чимкент шаҳри ОИТС маркази ва қон қуйиш марказлари раҳбарлари ҳамда бир қанча тиббий муассасалар бўлим бошлиқлари вазифасидан озод қилинди. Шунингдек, тиббиёт ходимларидан беш кишига жарима солинди ва Чимкент шаҳридаги 4 та қон қабул қилиш шахобчаси ёпилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Ербўлат Досаев эса вилоят соғлиқни сақлаш департаменти бошлиғи Нурсулув Тасмағамбетова истеъфосини талаб қиляпти.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ОИТС эпидемиясига қарши янги дастур ишлаб чиққан. 2006 йилдан 2010 йилгача мўлжалланган бу дастурни амалга ошириш учун 6 миллиард 744 миллион танга маблағ ажратилади. Лекин айни пайтда ОИТВ аниқланган 40 гўдак учун товон пули тўлаш масаласи ҳал этилганича йўқ.
XS
SM
MD
LG