Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:38

МХҚ ўзбекларни қулликдан озод қилди. И.Каримов ташрифига совғами?


Куни-кеча Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари Оқтобе шаҳрида қозоқ бойваччалари томонидан қул сифатида сақланаётган ўзбекистонлик 18 фуқарони озод этди.

Бу ўзбеклар ярим йилдан буён шаҳардаги қурилишларда кунига 16-18 соатдан дам олиш кунларисиз ишлашга мажбур қилинган. Шу давр мобайнида улар умуман иш ҳақи олмаган, камдан-кам овқатланган, ҳатто оч қолган кунлари ҳам кўп бўлган.

Қул қилиб сотилганлар орасида 55 ёшлардаги Раим ака ҳам бор. У намозхон бўлиб, соқол қўйган. Раим ака қозоқ хўжайини уни ароқ ичишга, соқолини олиб ташлашга мажбур қилганини кўзида ёш билан айтиб берди.

“Алҳамдулиллоҳ, булар ҳам мусулмон-ку, нега бундай қилади? Қаерга келиб қолганимни ҳам билмайман. Жуда қаттиқ азобдамиз. Уйга қайтиб кетишга пулимиз йўқ. Овқатимизга ҳам пул йўқ ҳозир”, - дейди Раим ака.

Ўзбек қулларни хўжайини мунтазам калтаклаб турган, кечаси ертўлага қамаб қўйган. Ўзбекларни сотиб олган шахс туркистонлик Нурлан исмли киши экан. У ичиб маст бўлган пайтларида қўл остидаги ўзбекларни калтаклаб, мазах қилиб, таҳқирлаб, хўрлаган. Гувоҳлар у ҳатто ёки катта кишиларни ҳам калтаклаганини айтиб берди.

Қуллиқдан қочишга уринган ўзбеклар ҳам бўлган. Бироқ улар тутиб олиниб, жуда қаттиқ жазоланган. Энг афсусланарлиси, Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотига кўра, қочоқ ўзбекларни полициячилар тутиб олиб қайтадан хужайинига топширган.

Оқтобе шаҳрида худди шундай воқеа икки ой муқаддам ҳам содир бўлганди. Ўшанда Ўзбекистоннинг 13 фуқароси полициячилар ёрдамида қулликдан озод қилинганди. Полиция макамаларининг билдиришича, бу ўзбеклар Қозоғистонга келган заҳоти воситачи шахслар томонидан қул сифатида сотиб юборилган. Уларнинг эгалари бир неча бор ўзгарган, яъни уларни сотиб олган қозоғистонликлар бошқаларга сотган. Ҳаммомлар мажмуаси хўжайини бўлган тадбиркор қозоқ аёли уларни охирги сотиб олган шахс ҳисобланади. 13 ўзбек оғир шароитларда ишлаб, яшаган. Улар хўжайиннинг оила аъзолари томонидан мунтазам калтаклаб турилган. Эркакларга нисбатан аёлларнинг аҳволи янада аянчли бўлиб, ҳаммом эгасининг қариндошлари икки ўзбек аёлини бир неча марта зўрлаган. Қулликда сақланган ўзбекистонликлар кунига 20 соат мобайнида ишлашга мажбур қилинган.

Бу каби ҳолатлар Қозоғистонда кўплаб учрамоқда. Чимкентлик 70 ёшли Инобат Абдурауфова пул ишлаш илинжида келган ўзбекларнинг айрим қозоқлар томонидан камситилиш ҳолатларини кўриб уялишини айтади. Унинг таъкидлашича, асрлар давомида обрў-эътиборли бўлиб келган ўзбек халқининг шаъни сўнгги йилларда оёқ-ости қилиняпти.

”Биз жуда уяламиз, ерга кириб кетамиз. Кўп ўзбекистонликлар келади. Ишлатиб-ишлатиб пулини бермайдиган қозоқлар жуда кўп. Ишлаб ҳақини ололмай кетаётган ўзбеклар кўплаб топилади. Ўзбекистонликлар нима сабабдан бунчалик қийналяпти? Бу Ислом Каримовга нима бўляпти? Ўзбеклар ҳақида ёмон гап эшитсак, бизнинг суяк-суягимиздан ўтиб кетади”, - дейди онахон.

Ўзини зиёли мардикор санайдиган ўзбек шоири Баҳром Ғойиб сўзларига кўра, айрим қозоқларнинг ўзбекистонликларга паст назар билан қарашининг сабаби ўзбекларнинг Ўзбекистоннинг ўзида хўрланаётганидир.

”Ўзбекистонда ўзбек хўрлангани учун ҳам бу ерда хўрланяпти. Афсуски, ҳозир минглаб ўзбеклар тўзиб кетди. Россия, Корея, Қозоғистонда нон топиш учун юрибди. Улардан қанча-қанчаси ҳақини олиб кета олмаяпти”, - деди Б.Ғойиб.

Қозоғистон фуқароси, қизилқишлоқлик ўқитувчи Алишоҳ ҳам ўзбекистонликларга ҳавас қилмайди.

”Нега энди ўзбеклар мустақил бўлиб, қайтага қулга айланди? Демак, И.Каримовнинг тутган сиёсати нотўғри. У халқига умуман қарамай қўйди. Мана Қозоғистонда қанча ўзбеклар қул бўлиб юрибди. Энг қора ишларда ўзбеклар ишлаяпти”, - дейди ўқитувчи.

Бир вақтлар “ўзбек ўз оғам”, деб юрадиган қозоқлар орасида бугунги кунда ўзбекларни қул қилганидан ҳузурланувчи қозоқлар сони кундан-кунга кўпаймоқда.
XS
SM
MD
LG