Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:51

Таниқли имом устидан суд ёпиқ тарзда бошланди


12 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги Чирчиқ жиноят ишлари судида тошкентлик таниқли имом Руҳиддин Фахруддинов устидан суд мажлиси кузатувчилар ва судланувчининг қариндошлари учун ёпиқ тарзда бошланди.

Тошкентдаги Хўжа Нуриддин масжидининг собиқ имомига террорчилик, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, қўпорувчилик, жиноий уюшма тузиш каби бир қанча айблар қўйилган.

1998 йилдан бери қидирувда бўлган имом 2005 йил ноябрда Чимкент шаҳрида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, 2006 йил январда Ўзбекистон ихтиёрига топширилган эди.

Унинг устидан судья Жамшид Сайдалиев раислигида ўтаётган суж жараёнига кузатувчилар ва судланувчининг оила аъзолари қўйилмади.

Ўзбекистондаги “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғунов ҳам бу суд мажлисига кира олмаганлардан бири.

“Эрталаб бордик. Суд биносидан бир километрча берироқдан йўл бетонлар ва милиция машиналари билан тўсиб қўйилган эди. Маҳаллий аҳолини ҳам ўтказмаётган экан. Судланувчининг яқинлари билан ўша ерда соат 12 гача турдик. Кейин адвокат чиқиб келди, судя судни кузатувчилар учун ёпиқ деб эълон қилганини айтди”, - деди А.Турғунов.

Суд мажлиси ҳақида судланувчининг оиласига ҳам жуда кеч маълум қилинган ва улар суд залига киритилмаган.

“Бугун тўсатдан суд Чирчиқда бўлиши ва соат 10 да бошланишини айтиб қолишди. Биз 15 тача қариндош-уруғ тўққиз яримда етиб бордик. Боришимиз билан суд бошланибди, аммо бизга билдирилмади. Ёпиқ суд бўлиши айтилди”, - дейди Р.Фахруддиновнинг 70 ёшли отаси.

Р.Фахруддинов иши аслида Тошкент судида кўриб чиқилиши керак эди. Аммо суд август ойидан бери чўзиб келинди ва ҳуқуқ ҳимоячиларига иш билан танишишга имконият берилмади.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов фикрича, Ўзбекистон ҳукумати бу судни халқаро жамоатчилик кўзидан йироқда ўтказиш учун у Чирчиққа кўчирилган бўлиши мумкин.

Сўнгги 8 йил давомида имом Р.Фахруддиновнинг исми гўёки ваҳҳобийлик оқими билан боғлиқ ўтказилган деярли барча суд жараёнларида, жумладан, 1999 йил февраль портлашлари бўйича ўтказилган судда ҳам тилга олинган. Барча айблов хулосаларида имом Ўзбекистондаги ваҳҳобийлик диний оқими етакчиси ҳамда Ўзбекистон исломий ҳаракати билан алоқадор шахс сифатида таърифланган.

Аммо Фахруддиновлар оиласи бу айбловларни рад этиб келади. Уларнинг таъкидлашича, Р.Фахруддинов диндор бўлгани ва маҳаллий мусулмонлар орасида обрў қозонгани учун таъқибга учраган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг таъкидлашича, агар Р.Фахруддинов ҳақиқатан жиноятчи ва судда етарли далил-исботлар бўлса, ҳукумат судни очиқ ўтказган бўлар эди.

”Ҳақиқатда Р.Фахруддинов жиноятчи бўлса, нега унинг суди ёпиқ ўтказиляпти? Стадионга олиб чиқсин, юз минг халқни йиғиб, улар сиғиниб юрган одам шунақа жиноятчи эканини айтсин. Агар у ҳақиқатдан ҳам жиноятчи бўлса, ҳукумат нимадан қўрқади”, - дейди А.Турғунов.

Р.Фахруддинов устидан тергов олиб борилаётган пайтда, 2006 йил 31 март куни унинг олти ёшли қизи Ойиша ўз уйи яқинида бир ўсмир томонидан зўрланди. Ўсмир ўз айбини тан олди ва 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Кузатувчилар фикрича, шу йўл билан тергов остидаги Р.Фахруддиновга босим ўтказилган ва у терговда айбни қисман тан олишга мажбур бўлган.

Р.Фахруддинов устидан суд жараёни чоршанба куни яна давом этади.
XS
SM
MD
LG