Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:47

Таниқли имом 17 йилга қамалди


Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри жиноят ишлари судида таниқли имом Руҳиддин Фахруддинов устидан ўтказилган ёпиқ суд тугади. Суд имомни 17 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Тошкентдаги Хўжа Нуриддин масжидининг собиқ имомига террорчилик, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, қўпорувчилик, жиноий уюшма тузиш каби бир қанча айблар қўйилаётган эди.

Отаси Фазлиддин Хўжанинг айтишича, ўғли Р.Фахруддинов айбига иқрор бўлмаган. Судья Жамшид Сайдалиев раислигида ўтган суд мажлисига на кузатувчилар, на судланувчининг яқинлари қўйилган.

“Суд фақат адвокат, прокурор, судья ва беш-олти маслаҳатчи иштирокида ўтди. Ҳукм ўқилиши ҳақида бизга кеча кечқурун хабар қилинди. Бугун (15 сентябрь) 20-30 киши – қариндошлар, ака-укалар бордик. Суд биносига яқинлаштиришмади ҳам”, - деди 77 ёшли Фазлиддин Хўжа.

Р.Фахруддинов иши аслида Тошкент судида кўриб чиқилиши керак эди. Аммо суд август ойидан бери чўзиб келинди ва ҳуқуқ ҳимоячиларига иш билан танишишга имконият берилмади.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов фикрича, суднинг кузатувчиларсиз ва судланувчи яқинларисиз ўтказилиши қонунларга зиддир. Ўзбекистон ҳукумати бу судни халқаро жамоатчилик кўзидан йироқда ўтказиш учун Чирчиққа кўчирган бўлиши мумкин.

“Суднинг чет жойга кўчирилишига биринчи сабаб унинг шов-шувли жараён эканидир. Иккинчи сабаб эса унинг уюштирилган суд экани”, - деди С.Икромов.

1998 йилдан бери қидирувда бўлган имом 2005 йил ноябрда Чимкент шаҳрида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, 2006 йил январда Ўзбекистон ихтиёрига топширилган эди. Сўнгги 8 йил давомида имом Р.Фахруддиновнинг исми гўёки ваҳҳобийлик оқими билан боғлиқ ўтказилган деярли барча суд жараёнларида, жумладан, 1999 йил февраль портлашлари бўйича ўтказилган судда ҳам тилга олинган. Барча айблов хулосаларида имом Ўзбекистондаги ваҳҳобийлик диний оқими етакчиси ҳамда Ўзбекистон исломий ҳаракати билан алоқадор шахс сифатида таърифланган. Аммо Фахруддиновлар оиласи бу айбловларни рад этиб келади.

“Бу ҳаммаси туҳмат. Ҳаммаси тўқилган айб. Ўзи ҳам (судланувчи) гувоҳлар билан юзлаштиришни сўради. Учтасини олиб келди, улар (судланувчи) ўзларига фақат Қуръон ўқитгани, ҳарф танитгани, ҳадислардан дарс бергани, бироқ жиҳод, терроризм ҳақида умуман гапирмаганини айтди”, - дейди Фазлиддин Хўжа.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг таъкидлашича, агар Р.Фахруддинов ҳақиқатан жиноятчи ва судда етарли далил-исботлар бўлса, ҳукумат судни очиқ ўтказган бўлар эди.

“Ҳақиқатда Р.Фахруддинов жиноятчи бўлса, нега унинг суди ёпиқ ўтказиляпти? Стадионга олиб чиқсин, юз минг халқни йиғиб, улар сиғиниб юрган одам шунақа жиноятчи эканини айтсин. Агар у ҳақиқатдан ҳам жиноятчи бўлса, ҳукумат нимадан қўрқади”, - дейди А.Турғунов.

Р.Фахруддинов устидан тергов олиб борилаётган пайтда, 2006 йил 31 март куни унинг олти ёшли қизи Ойиша ўз уйи яқинида бир ўсмир томонидан зўрланди. Ўсмир ўз айбини тан олди ва 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Кузатувчилар ва инсон ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Р.Фахруддиновга тергов жараёнида шу йўл билан босим қилинган бўлиши мумкин.

Р.Фахруддиновнинг ҳимоячилари унинг устидан ўқилган ҳукм юзасидан апелляция судига мурожжат этишини билдирди.
XS
SM
MD
LG