Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:47

Америка ташкилотларини қувиш тўхтамайдиганга ўхшайди


Ўзбекистондаги Навоий вилояти хўжалик суди “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасини банкрот, деб эълон қилди ва уч ойлик муддат ичида унинг фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди.

Шунингдек, мамлакат Олий хўжалик суди Американинг яна бир ташкилотига нисбатан суд жараёнларини бошлаш ниятида эканини маълум қилди.

“Пресс-уз инфо” сайтининг номи кўрсатилмаган манбага асосланиб хабар қилишича, “Мерси Ко” халқаро ташкилотига нисбатан суд жараёни шу ҳафтада бошланиши мумкин.

“Зарафшон-Ньюмонт” уч ой ичида мамлакат солиқ идоралари томонидан даъво қилинган қарзларини тўлаб қўйиши керак. Солиқ идоралари 2002-2006 йилларга тааллуқли бу қарз миқдори 61 миллиард сўм ëки 40 миллион АҚШ долларидан иборат эканини билдирган.

Зарафшонликлардан бирининг “Озодлик” мухбирига айтишича, қўшма корхона ўз ишини тўхтатганига бир ойча бўлиб қолган. Унинг ишчилари ишламаётир.

“Бу ерда яшайдиганларнинг барчаси завод тақдиридан хабардор. Аммо “Зарафшон-Ньюмонт”нинг тўхтаганини билади. Заводнинг барча ходимлари ишдан бўшаяпти. Ҳамма товон пули берилишини кутаëтган эди. Аммо ундан ҳам қуруқ қолишди”, - дейди зарафшонлик суҳбатдош.

Қўшма корхонанинг ўз исмини ошкор этмаган ходими сўзларига кўра, келаси йилнинг январигача завод ўз қарзларини тўлайди.

Ундан қўшма корхонанинг россияликлар томонидан сотиб олиниши ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ сўралганда: “Бу махфий маълумот. Бу учун пул тўлаш керак. Айтдим-ку, заводни банкрот, деб эълон қилишганини. Ортиқча маълумот бера олмайман”, - деган жавоб олинди.

Навоий вилояти хўжалик суди вакили Халеш Серикбоеванинг таъкидлашича, “Зарафшон-Ньюмонт” Ўзбекистоннинг банкротлик тўғрисида қонуни асосида банкрот, деб эълон қилинган.

“(Ташкилот, корхона) бўйнига қўйилган ва муддати ўтиб кетган қарзни уч ой ичида тўламаса, банкрот ҳисобланади. Қарзини тўлаш-тўламаслик тўғрисида суд қарори бор, бу муҳокама қилинмайди. Қарз тўланиши керак”, - деди Х.Серикбоева.

АҚШ давлат котиби ëрдамчиси Ричард Баучер Ўзбекистонга келганида Тошкент ҳукуматининг “Зарафшон-Ньюмонт”га нисбатан муносабати компаниянинг Ўзбекистонни тарк этишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди. Унинг ташрифидан аввал эса Ўзбекистон ҳукумати қўшма корхонанинг маълум миқдордаги тилласи ва бошқа мулкини гаровга олганди. Бундай босимга дуч келган компания расмийлари тегишли идораларга мурожаат қилишини билдирганди.

“Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасининг ярми Американинг жаҳондаги энг йирик олтин қазиб олувчи ширкатлардан бири бўлмиш “Ньюмонт майнинг” корпорациясига тегишли.

Американинг “Newmont Mining” корпорацияси, Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати ўртасида чиқиндилардан олтин ажратиб олиш ва “Зарафшон-Newmont” қўшма корхонасини тузиш ҳақида 1992 йил 16 январда келишувга эришилган ва ширкат 1995 йилда ишга тушган эди.

“Зарафшон-Ньюмонт” банкротлаштирилган бир пайтда Ўзбекистон Олий хўжалик суди Американинг яна бир ташкилоти – “Мерси Ко”ни жавобгарликка тортиш ҳаракатида бўляпти. Ўзбекистон ҳукумати бу нодавлат ташкилотни солиқлардан бўйин товлаш ва миллионлаб нақд сўмни банкда сақламаганликда айбламоқда.

“Пресс-уз.инфо” сайтининг ёзишича, “Мерси Ко” ваколатxонаси фаолияти текширилганда ташкилот томонидан 600 миллион сўмдан ошиқ нақд пул банкка топширилмасдан сақлангани аниқланган.

Ваколатxона томонидан берилган кредитларнинг қайтарилиши, фоизлар сифатида қайтган нақд пулнинг банк тизимига топширилмасдан сақланиши, солиқ идоралари фикрича, Ўзбекистон қонунчилигини бузиш ҳисобланади.

“Мерси Ко” ҳукумат томонидан ўзига қўйилаётган айбловларни инкор этиб, мамлакат ҳудудида ҳеч қандай қонунбузарликка қўл урмаганини билдирмоқда. Ташкилот тарқатган пресс-релизда таъкидланишича, аудиторлик фирмаси томонидан ўтказилган текшириш натижасида ташкилот томонидан 600 миллион сўмдан ошиқ нақд пул банкка топширилмасдан сақланганини тасдиқловчи бирор далил топилмаган.

“Мерси Ко” ходимлари ҳукумат томонидан Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланаëтганини ўзига нисбатан ҳақорат ҳисоблайди”, - дейилади пресс-релизда.

“Мерси Ко”, асосан, аҳолининг кам таъминланган қатлами билан ишлайди. Дунёнинг 80 га яқин мамлакатида фаолият юритади. Ташкилот Ўзбекистонда ёрдамга муҳтож аҳолига юз минглаб долларга тенг моддий ёрдам кўрсатганини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG