Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:08

Оддий халқ умиди ушаладими?


Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев Ўзбекистонга расмий сафарининг иккинчи кунида Самарқандни зиёрат этди. Унга Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилди.

Сафарнинг биринчи куни - 3 октябрда Қ.Бақиевнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан ўтказилган музокаралари чоғида давлатлараро сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-ижтимоий соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилган эди.

Расмий ахборот воситалари тарқатган хабарларга қараганда, муҳокамалар натижасида 6 муҳим ҳужжат имзоланган. Булар орасида ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар кутиб турган ҳужжат - икки давлат фуқароларининг 60 кунлик муддатда визасиз борди-келдисини йўлга қўйиш тўғрисидаги келишув ҳам бор.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Давлат чегараларини қўриқлаш хизмати матбуот вакили Чинбўлат Айтмамбетов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу келишув ҳақида батафсил тушунтириш берди.

“Икки томондан ҳам иккита ҳужжат таклиф қилинган – бу шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва 16 ёшгача бўлган болалар учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома. Бундан ташқари, олий ўқув юрти талабалари ўша ерда ўқишини тасдиқловчи ҳужжат асосида бир йилга қадар визасиз қатнаши мумкин. Бу ҳақда келишув кучга киргандан кейин чегарага келиниб, тилга олинган ҳужжатлар кўрсатилади - тамом, 60 кун муддатда қайтиш шарти билан ҳар икки томонга ўтилаверади”, - деди Ч.Айтмамбетов.

Унинг қўшимча қилишича, бу келишув кучга кириши учун яна бироз муддат керак. Зеро, у тегишли парламентлар томонидан ратификация қилиниши лозим.

Чегарадан ўтиб-қайтишга тўғри келаётганларнинг айримлари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда визасиз борди-келди ҳақидаги ҳужжатни эшитганларидан буён уни интиқлик билан кутаётганини маълум қилди.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида яшовчи, қатнайвериб чегара можароларидан ҳориган асли ўзбекистонлик Мақсуда Ҳакимова сўзларига кўра, ўзбекистонликлар чегарада қирғизистонликлардан кўра кўпроқ қийналади.

“Қариндошларим Асакадан келади ва ҳар гал уларга виза қани, деб тихирлик қилишади. Шу визаси бекор бўлса яхши эди. Президентимиз Қ.Бақиев Тошкентга борди-ку, Каримовнинг олдига. Ўшанда шу масалаларни гаплашди, дейишяпти. Кутиб ўтирибмиз энди”, - дейди М.Ҳакимова.

Оддий аҳоли орасида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг тизгини ҳали ҳам Москванинг қўлида экани, чегара очилиши ҳам бевосита Россиянинг талаби билан бўлаётгани ҳақида гап-сўзлар йўқ эмас.

“Бировлар чегара тўлиқ очилишини айтяпти. Бошқалар эса Каримов чегарани очишига ишонмайди. Лекин Россия роса қаттиқ ушлади-ку, чегарани тўлиқ очасан, деб талаб қилганмиш. Энди қўшилиб олгандан кейин Россия роса қаттиқ ушлаётганмиш. Путин маҳкам турганмиш шу ишнинг устида”, - дейди ўзбек-қирғиз чегара олди ҳудудида яшовчи Тўхтахон Каримова.

3 октябрь куни имзоланган ҳужжатлар орасида асосийлари Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг 2007-2011 йиллар оралиғида иқтисодий, илмий-техникавий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорлигига оид келишув ва дастур, фуқароларнинг ўзаро борди-келдиси ҳамда икки давлат прокуратура органлари ўртасидаги ҳамкорликка оид келишувлардир.

Шунингдек, музокаралар якунида икки давлат президентлари қўшма баёнот қабул қилди. Баёнотда таъкидланишича, ҳар икки давлат раҳбари ўзаро манфаатли тарзда давлатлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш мақсадини тилга олган. Бу борада эса асосий эътибор халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши ҳамкорликда курашга қаратилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги МДҲ департаментининг икки томонлама ҳамкорлик алоқалари бўлими бошлиғи Усеин Исаев Ўзбекистон ва Қирғизистон мавжуд умумий хавфга қарши биргаликда курашиш ниятини билдирганини айтди.

“Яъни халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши курашда икки давлат тегишли хизматлари, шунингдек, прокуратураларининг ҳамкорлиги муҳим экани таъкидланди. Бу йўлда эса шу вақтгача мавжуд бир қанча ҳужжатлар, жумладан, 2000 йилда Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган тўрт томонлама ҳамкорлик келишуви, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида имзоланган ҳужжатларга таянилади”, - деди У.Исаев.

Муносабатлари қуюқлашиб бораётган Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг Тошкентда ўтган учрашувидан сўнг икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, туризм ва божхона соҳаларида ўзаро муносабатларнинг яхшиланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG