Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:36

Муҳаммад Бекжон қамоқхонада оғир аҳволда ётибди


Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг соғлиғи ёмонлашгани юзасидан хавотир билдирмоқда.

Франциядаги ўлим жазоси ва қийноқларга қарши курашувчи ташкилот тарқатган баёнотга кўра, М.Бекжоннинг аҳволи жуда оғир ва у ўлим ёқасида.

“Эрк” демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлган М.Бекжон 1999 йилда Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланиб 15 йилга қамалган эди. 52 ёшли М.Бекжон ҳозир Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги қамоқхонада сақланмоқда. Яқинда қамоқхонага бориб қайтган унинг рафиқаси Нина Бекжонова эрининг бир кишилик камерада сақланаётгани ва доимий қийноққа солинаётгани ҳақида маълум қилди.

М.Бекжоннинг АҚШда яшаётган қизи Ойгул онаси яқинда дадаси билан кўришиб қайтганини тасдиқлади.

“Онам дадам билан кўришиш учун уч кун сўраган экан, фақат бир кун беришибди. Онамнинг айтишича, дадам қийноқларга солинаётган, деярли барча тиши синдирилган, овқат чайнай олмайдиган даражага тушиб қолган, ҳаддан ташқари озиб кетган экан. Бу жуда даҳшат”, - дейди Ойгул.

1999 йилдан бери узоқ вақт давомида М.Бекжон Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасида сақланган ва у ерда сил касалини орттирган эди. Оила аъзолари ҳозир М.Бекжон зудликда тиббий муолажага муҳтож экани, акс ҳолда ўлиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдиряпти.

“Онам унинг аҳволи хатарли нуқтага етгани ва ўлиб қолиши мумкинлигини айтди. Аввал дадам сил касали билан оғригани маълум. Қамоқхонадаги ёмон вазият унинг аҳволини ёмонлаштирган”, - деди Ойгул.

Франциядаги ўлим жазоси ва қийноқларга қарши курашувчи ташкилотнинг Марказий Осиё ва Европа бўлими раҳбари Софи Крозе сўзларига кўра, аҳволи оғрлашган М.Бекжонни озод қилиш ҳақидаги чақириқ Ғарбдаги бир қанча тузилмалар билан бир қаторда ҳозир Тошкентда сафарда бўлган Германия расмий делегациясига ҳам юборилган.
“Биз бугун Ўзбекистонга сафар қилаётган Европа делегацияси, шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат йўллаб, қамоқхонада оғир аҳволда қолаётган М.Бекжон ҳимояси учун ҳаракатимизни бошлаб юбордик. Дунё жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистон қамоқхонасида ўлим ёқасида ётган М.Бекжон тақдирига қаратиш ва Ўзбекистон ҳукуматига бу юзадан босим ўтказилиши мақсадида биз шундай қиляпмиз”, - деди Софи Крозе.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси фаоли, “Эрк” газетаси бош муҳаррири бўлган журналист Муҳаммад Бекжон ёзувчи Мамадали Маҳмудов, Юсуф Рўзимуродов билан бирга 1999 йил августда Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланган. Улар 1999 йилда Украинада қўлга олиниб, Ўзбекистон ихтиёрига топширилган эди. Суд М.Бекжонни терроризм, жиноий уюшма тузиш ва Ўзбекистоннинг амалдаги конституциявий тузумига тажовуз қилиш сингари ҳаракатларда айбдор топган. Аммо суд жараёнини кузатган “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти судда айбланувчиларнинг портлашларга алоқадорлигини тасдиқловчи ишончли далилларнинг тақдим этилмагани, ҳукм дастлабки тергов даврида қийноқлар остида олинган кўрсатмаларга асосланганини айтган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳар уч шахснинг муҳожиратдаги мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари туфайли қамоққа ташланганини иддао қилади. “Эрк” етакчисининг бошқа укалари ҳам қамалган. 47 ёшли Рашид Бекжон ҳам 1999 йилги Тошкент портлашларидан кейин 10 йилга қамалган. М.Солиҳнинг катта акаси Комил Бекжон наркотик ва қурол сақлаш айби билан қамалиб чиққан.

М.Бекжоннинг ҳозир қамоқхонада оғир аҳволда ётгани ҳақида Ўзбекистон расмий идораларига ҳам мурожаат йўлланган. Ҳозирча улар тарафидан бунга муносабат бўлмади.
XS
SM
MD
LG