Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:57

Ҳоким келди, ҳоким кетди, нима ўзгаради?


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 19 октябрь куни Фарғона шаҳрида бўлиб, мазкур вилоят халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясини ўтказиб қайтди.

Бу йиғилишда Фарғона вилояти ҳокими Шермат Нурматов ўз лавозимидан бўшатилиб, ўрнига Марғилон шаҳри ҳокими бўлиб ишлаётган Абдуҳошим Абдуллаев тайинланди.

Президент бундан бир ой олдин - 20 сентябрь куни Фарғонага сафар қилган ва вилоятни роса айланиб, у ердаги жараён, қилинаётган ишлардан кўнгли тўлиб қайтган эди. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари мамлакат раҳбари, айниқса, Марғилонда шаҳар юбилейи арафасида олиб борилаётган қурилиш ишларини алоҳида мақтаганини ёзганди.

Ана шу қурилишлар тепасида бел боғлаб турган Марғилон шаҳри ҳокими А.Абдуллаев ўша вақтда мамлакат раҳбари назарига тушган шекилли-да, дея тахмин қилмоқда бугун унинг ҳоким этиб тайинланганидан ҳайратланаётган аксар кузатувчилар.

Аммо Фарғона вилояти ҳокими Шермат Нурматов нима сабабдан ишдан олингани ва ўрнига Марғилон шаҳри ҳокими тайинланиши сабаблари борасида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Фарғоналик кузатувчи Абдусалом Эргашев эса Ш.Нурматов ишдан олинишининг асл сабаби яқиндагина бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан ишдан олинган ва орқаваротдан И.Каримов оиласига яқин саналган Фарғона вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Одил Оллоёров шахси билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпти.

“Ш.Нурматов ҳокимликка тайинлангандан бери уни биров, айниқса, халқ танимади. У ўзи билан бир вақтда тайинланган биринчи ўринбосари Одилжон Оллоёровнинг соясида қолиб кетди. Лекин 10 кунлар муқаддам Фарғонага бош вазир Ш.Мирзиёев келди ва йиғилиш ўтказиб, О.Оллоёровни ишдан бўшатди. Халқ орасида юрган гапларга кўра, президент ва оиласи О.Оллоёровга нисбатан муносабатни кескин ўзгартирган, у назардан қолган кўринади. Менимча, Ш.Нурматовнинг бўшатилиши О.Оллоёровнинг бўшатилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин”, - дейди А.Эргашев.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, бир ой аввал Фарғонага бориб, мақтаб келган вилоят раҳбарини энди кутилмаганда ишдан олиш президент ўрнатган авторитар бошқарув тизими ичидаги кескинлик тобора юзага чиқиб бораётганининг яна бир далолатидир.

Оддий фарғоналиклар учун эса президент келгани-ю, ҳокимлар алмашишининг қизиғи йўқ, афтидан.

“Бунақа ҳокимлар келаверади, кетаверади. Қанчасини кўрдик. Уларнинг бирортасидан халққа фойда йўқ. Катталарнинг ўзлари келиб сайлайди ва ўзлари яна ишдан олади. Шунинг учун оддий халққа бунинг қизиғи ҳам йўқ ахир барибир аҳвол ўнгланмаса”, - деди оддий фарғоналиклардан бири.
XS
SM
MD
LG